ҒИЖДУВОН ТУМАНИ ИИБ БОШЛИҒИ ПОЛКОВНИК БАҲОДИРХЎЖА ШАРИПОВ ТУМАНДОШЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛДИ.
2026-06-02 13:10:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғи, полковник Баҳодирхўжа Зарифович Шарипов тумандошларимизга мурожаат қилиб, туман ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда жамоатчиликнинг ўрни ва масъулияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
📊 Мурожаатда қайд этилишича, 2026 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Ғиждувон туманида жами 200 та жиноят содир этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 109 тага ёки 35,3 фоизга камайган. Ушбу натижа туман ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик тадбирларни кучайтириш ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб борилган ишларнинг амалий самарасидир.
⚠️ Шу билан бирга, бугунги кунда ахборот технологиялари орқали содир этилаётган жиноятлар ҳамон долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида интернет тармоқлари ва мобил иловалар орқали 22 та жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг асосий қисмини фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатлари ташкил қилган.
Мурожаатда фуқаролар интернет тармоқларида учраётган:
🔹 “Ютуқ ютиб олдингиз”;
🔹 “Пулингизни кўпайтириб берамиз”;
🔹 “Онлайн кредит олиб берамиз”;
🔹 “Тез ва осон даромад топинг”
каби ёлғон ваъдалар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига алданиб қолмасликка чақирилди.
Шунингдек, банк картаси маълумотлари, СМС-кодлар ва бошқа махфий маълумотларни бегона шахсларга бермаслик, телефон ва гаджетларга икки босқичли ҳимоя тизимини ўрнатиш, шубҳали ҳаволалар ва иловаларни юклаб олмаслик зарурлиги алоҳида таъкидланди.
📌 Таҳлилларга кўра, жорий йил давомида қайд этилган жиноятларнинг 72 таси ёки 36 фоизи олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ҳисобланади. Бу эса ҳар бир фуқародан янада катта ҳушёрлик ва масъулият талаб этади.
Хусусан, фирибгарлик, ўғрилик, тан жароҳати етказиш ва йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятлар асосий салмоқни ташкил этмоқда.
Айниқса, оилавий келишмовчиликлар ва маиший низолар оқибатида содир этилаётган тан жароҳати билан боғлиқ жиноятлар жамиятимизда огоҳлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда.
🚨 Мурожаатда яна бир долзарб масала — ўғрилик жиноятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, содир этилган ўғрилик ҳолатларининг муайян қисми хонадонлар, чорва моллари ва транспорт воситалари билан боғлиқ. Бу эса айрим фуқароларнинг мол-мулк хавфсизлигига етарлича эътибор бермаётгани билан изоҳланмоқда.
📹 Шу боис тумандошлар:
✅ хонадон ва савдо объектларига видеокузатув камералари ўрнатиш;
✅ мулкларни техник қўриқлаш тизимларига улаш;
✅ автомашиналарни қаровсиз қолдирмаслик;
✅ чорва молларини назоратсиз ташлаб кетмаслик;
✅ қўни-қўшнилар ўртасида ҳам хавфсизлик маданиятини тарғиб қилишга чақирилди.
Таъкидланганидек, видеокузатув мосламалари ўрнатилган ҳудудларда жиноятлар сезиларли даражада камайиб, кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.
👨👩👧👦 Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни назоратсиз қолдирмаслик, турли салбий оқимлар ва ноқонуний ҳаракатлардан асраш масаласи ҳам мурожаатнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди.
🤝 Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғи Баҳодирхўжа Шарипов мурожаатида туман аҳолисини жиноятчиликка қарши курашишда фаол фуқаролик позициясини намоён этишга чақирди.
— “Жиноятчиликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу — барчамизнинг умумий бурчимиз. Маҳалламиз, оиламиз ва фарзандларимиз келажаги учун бефарқ бўлмаслигимиз, ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур,” — дейилади мурожаатда.
📞 Фуқаролардан маҳалла ва ҳудудларда кузатилаётган шубҳали ҳолатлар, ҳуқуқбузарликлар ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи вазиятлар ҳақида зудлик билан “112” қисқа рақами орқали хабар бериш сўралди.
Азиз Ғиждувон аҳли! Тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда фарзандларимиз учун хавфсиз ва фаровон келажак яратиш йўлида бирлашайлик. Зеро, хавфсиз маҳалла, осойишта кўча ва фаровон ҳаёт — барчамизнинг ҳамкорлигимиз ва огоҳлигимиз натижасидир.
