ҒИЖДУВОНДА 40 НАФАР БОЛАЖОН УЧУН ХАЙРИЯ ХАТНА ТЎЙИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ.
2026-05-28 12:50:00 / Янгиликлар

Ана шундай савобли тадбирлардан бири Ғиждувон тумани Ўзанон МФЙ ҳудудидаги “Осиё Грант” тўйхонасида бўлиб ўтди. Ҳокимлик ҳамда ҳомийлар кўмагида эҳтиёжманд оилаларда вояга етаётган 40 нафар болажон учун миллий қадриятларимизга хос тарзда хайрия хатна тўйи ташкил этилди.
🕌 Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. Унда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, оилалар бахти ҳамда эзгу ишлар бардавом бўлиши тилаб дуолар қилинди.
👏 Тадбирда Ғиждувон тумани ҳокими Ф.Умаров ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этиб, болажонларни муборакбод этдилар. Туман ҳокими ўз табрик сўзида халқимизга хос меҳр-саховат, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик фазилатлари бундай хайрли тадбирларда янада ёрқин намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
🧥 Миллий урф-одатларимизга мувофиқ болажонларга тўн кийдирилиб, уларга эзгу тилаклар билдирилди. Байрам давомида дастурхон ёзилиб, куй-қўшиқлар ва кўнгилочар чиқишлар орқали болажонларга унутилмас қувонч улашилди. Шунингдек, ҳар бир болага эсдалик совғалари, кийим-кечак ва зарурий буюмлар топширилди.
✨ Ушбу хайрия тадбири орқали эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлод қалбига меҳр ва эътибор улашиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда жамиятда саховат ва инсонпарварлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсад қилинди.
💬 Тадбирда иштирок этган ота-оналар ва маҳалла фаоллари ушбу хайрли ишни ташкил этган ҳомийлар ҳамда мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирдилар.
🌟 Юртимизда инсон қадри, меҳр-оқибат ва саховатни улуғлайдиган бундай эзгу ташаббуслар халқимиз бирдамлиги ва жамиятимиздаги юксак инсонпарварлик фазилатларининг ёрқин ифодасидир.









