Ботир Зарипов ўзи таҳсил олган мактабдаги "Сўнги қўнгироқ" тадбирида иштирок этди
2026-05-25 12:45:00 / Янгиликлар

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мактаб битирувчиларига йўлланган самимий табрик барча тадбирларга ўзига хос руҳ ва юксак маъно бағишлади. Давлат раҳбарининг ёшларга бўлган меҳри, ишончи ва катта умиди ҳар бир битирувчининг қалбида чексиз ғурур ва масъулият туйғусини уйғотди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳам ўзи таҳсил олган Ғиждувон туманидаги 49-умумтаълим мактабида бўлиб, “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирок этди. У дастлаб Президентнинг битирувчи ёшларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ҳамда устозларни самимий қутлаб, мустақил ҳаёт сари қадам қўяётган ёшларга оқ йўл тилади.
Тадбир давомида мактабни аъло баҳоларда тамомлаётган ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари тақдирланди. Шундан сўнг мактаб ҳовлисида “Сўнгги қўнғироқ” садолари янграб, битирувчилар учун унутилмас лаҳзалар муҳрланди.
Табрикда таъкидланганидек, бугунги битирувчилар — Янги Ўзбекистоннинг эртанги бунёдкорлари, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган билимли ва ташаббускор ёшлардир. Мамлакатимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касбларни эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши, тадбиркорлик ва инновасион фаолият билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Шундан сўнг вилоят ҳокими мактабда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Ўқувчи-ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг орзу ва мақсадлари билан қизиқди.
Айниқса, мактабда ташкил этилаётган сунъий интеллектни ўқитишга ихтисослаштирилган синф хонаси учун замонавий жиҳозлар ҳамда мактаб кутубхонаси учун энг сара китоблар жамланмаси тақдим этилди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, китоб ўқиш, мустақил фикрлаш, замонавий билим ва касбларни эгаллаш — бугунги даврнинг энг муҳим талаби ҳисобланади. Ана шу эзгу ғоялар Бухоро вилояти мактабларида ўтказилган тадбирларда ҳам кенг тарғиб қилинди.
Шунингдек, ўқувчилар учун янада кенг имкониятлар яратиш, уларнинг иқтидори ва қизиқишларини юзага чиқариш мақсадида масъулларга қўшимча вазифа ва топшириқлар берилди.









