ҒИЖДУВОНДА ЁШЛАР КEЛАЖАГИ УЧУН МУҲИМ ҚАДАМ: “КАСБЛАР ФЕСТИВАЛИ” ВА ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ.
2026-05-21 19:25:00 / Янгиликлар

Ҳафтанинг пайшанба куни — Ёшлар куни муносабати билан Ғиждувон туманидаги 2-сон техникумида “Касблар фестивальи” ҳамда “Очиқ эшиклар куни” тадбири юқори савияда ва кўтаринки руҳда ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокими Ф. Умаров, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, масъуллари, таълим соҳаси вакиллари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
🎓 Фестиваль давомида ёшлар бугунги меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, замонавий ва халқаро майдонда оммалашаётган йўналишлар билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, қисқа муддатда касб эгаллаш, даромад топиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳамда дуал таълим орқали амалий тажриба асосида билим олиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
🛠 Техникумлар ўқитувчилари ва ўқувчилари томонидан тайёрланган кўргазмалар, амалий ишланмалар ва инновацион лойиҳалар тадбирга алоҳида руҳ бағишлади. Янги очилиши режалаштирилаётган йўналишлар тақдимоти эса ёшларнинг қизиқиши ва интилишини янада оширди.
🤝 Айниқса, туман ҳокими Ф. Умаров раҳбарлигида битирувчи ёшлар билан ташкил этилган очиқ мулоқот самимий ва мазмунли руҳда ўтди. Ёшлар ўзларининг келажак режалари, таклиф ва ташаббусларини билдириб, қизиқтирган саволларига раҳбарлар томонидан атрофлича жавоб олдилар.
🇺🇿 Тадбир давомида бир жиҳат яна бир бор яққол намоён бўлди — бугунги ёшлар нафақат билим олишга, балки жамият тараққиётига дахлдор бўлишга ҳам интилмоқда. Ана шундай ёшларни қўллаб-қувватлаш эса Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
🤼♂️ Шундан сўнг раҳбарлари спорт мактабида бўлиб ўтадиган “Прокурор кубоги”нинг 4-сектор босқичи доирасидаги кураш мусобақаларига ташриф буюриб, ёш спортчиларнинг чиқишларини кузатдилар ҳамда уларга омад тиладилар.
💬 Кун якунида эса туман ҳокими томонидан оталиққа олинган ёшлар билан самимий учрашув ташкил этилиб, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, бандлигини таъминлаш ва ҳаётда муносиб ўрин топишига оид масалалар муҳокама қилинди.
📌 Ғиждувонда ўтказилаётган бундай кенг қамровли тадбирлар ёшларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда Ватан тараққиётига дахлдор авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.









