Вилоят ҳокими Ботир Зарипов “Позагари” маҳалласидаги “Жўшқин Пирмаст” фермер хўжалиги фаолиятини ҳам кўздан кечирди.
2026-05-02 14:30:00 / Янгиликлар

Ўтган йилларда хўжаликда “Қизилчўл” зотли қорамол парваришланган бўлса, кейинчалик наслчиликни яхшилаш мақсадида Германия давлатидан 50 бошга яқин “Голштейн” зотига мансуб наслдор қорамол, бўғоз ғунажин харид қилингани маҳсулдорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Бугунга келиб эса хўжалик чорва комплекси 400 бошдан ортиқ қорамолига эга бўлиб, ярмига яқини “Голштейн” ва “Сментал” зотларига мансуб. Чорва молларининг 70 бошга яқини соғин сигир, улардан кунлик 900 литрдан орттириб сут соғиб олинмоқда. Қолаверса, етмиш бошдан зиёд бузоқ, яна шунча ғунажин ва бўрдоқига боқилаётган юзга яқин ҳўкиз парваришига эътибор қаратилмоқда.
Акмал Тешаев ташаббуси билан чорва комплекси ичида сутни қайта ишлаш сехи очилганига ҳам 2 йилдан ошган. Айни кунда Туркия ва Хитой технологияси асосида жиҳозланган кичик корхонада бир кеча-кундузда 1 тоннадан ошиқ сут маҳсулоти қайта ишланмоқда.
Кўп тармоқли фермер хўжалигида “МИЛАКТО” ёрлиғи остида қатиқ, қаймоқ, сузма, творог, бринза каби ўнга яқин турдаги харидоргир маҳсулот қадоқланиб, туман бозори ва савдо дўконлари орқали аҳоли дастурхонига етказилмоқда. Чорва комплексидаги бўрдоқичилик павилонидан эса ўтган 2025 йилда 80 тонна атрофида гўшт етиштирилиб, элимиз дастурхонига тортиқ қилинган.
Айни баҳор кунларида мазкур фермер хўжалиги миришкорлари 10 гектар ерда картошка ҳам етиштирмоқда. Ҳадемай, бундан 250 тоннадан кўп картошка етиштириш кўзланган. Шунингдек, фермер хўжалигининг яна бир даромад манбаи 2016 йилдан қурилган ва бугунга келиб 3 гектарга етказилган, Туркия технологияси асосида барпо қилинган иссиқхонасидир. Иссиқхонада пешма-пеш помидор ва бодринг етиштирилаётгани, ўтган йили олинган ҳосил салмоғи 250 тоннага етказилган.
Сув танқислиги олдини олиш мақсадида хўжалик миришкорлари ўтган йили 3 гектарли иссиқхонани тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси билан таъминлаб, унда маҳсулот етиштиришни гидропоника усулига ўтказиб, маҳсулот етиштириш ҳажмини оширишга эришмоқдалар.
Такрорий экин ўрнида эса бодринг, булғор қалампири, ошқовоқ, ловия, карам, сабзи етиштирилиб, ишчилар жамоаси рўзғорига, ортган маҳсулот эса маҳалладошлар дастурхонига етказилмоқда. Зеро, аввало, хўжаликда меҳнат қилаётган йигирмадан ортиқ доимий ишчи оиласи даромадини ошириш, рўзғори тўкинлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.







