ҒИЖДУВОНДА “ШИЖОАТ ВА ҒАЙРАТ” ҲАРБИЙ-СПОРТ МУСОБАҚАСИНИНГ ТУМАН БОСҚИЧИ ҚИЗҒИН ДАВОМ ЭТМОҚДА!
2026-04-30 14:05:00 / Янгиликлар

Мусобақада ҳар бир маҳалладан 10 нафардан иштирокчи саралаб олинди. Улар орасида 2 нафар қизларимизнинг ҳам иштирок этаётгани ёшларимиз, айниқса қизларимизнинг спорт ва ҳарбий-ватанпарварлик йўналишларидаги фаоллиги тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Иштирокчилар мусобақа давомида жисмоний тайёргарлик, тезкорлик, матонат ва жамоавий ҳамжиҳатликни намоён этиб, юксак спорт руҳини кўрсатмоқдалар. Ҳар бир ҳаракат — Ватанга садоқат, юртга муҳаббат ва ғалабага интилиш ифодасидир.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Ф. Умаров ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этиб, ёшлар тарбияси ва уларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш масалаларининг долзарблигини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир давомида Президентимизнинг ёшлар ҳақидаги фикрлари ҳам эътироф этилди:
“Ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучи, келажагимиз таянчидир.”
Тадбир эрталабки бадантарбия машқлари билан бошланди. Шундан сўнг Давлат мадҳияси янграб, барча иштирокчиларда фахр ва ифтихор туйғуларини янада кучайтирди.
Шунингдек, туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи ва мутахассислари томонидан соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ҳамда касалликларнинг олдини олиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Ушбу мусобақа — ёшлар қалбида жасорат, ғайрат ва Ватанга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамловчи муҳим тарбия мактабидир!









