ҒИЖДУВОНДА МУҲИМ МУЛОҚОТ: ИСЛОҲОТЛАР — ХАЛҚ МАНФААТИ УЧУН!
2026-04-05 14:45:00 / Янгиликлар

Тадбир бошида туман маданият бўлими томонидан меҳмонлар кўтаринки руҳда кутиб олинди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари учун ташкил этилган концерт дастури барчага юқори кайфият ва илиқ таассуротлар улашди.
Тадбирни туман ҳокими Ф. Умаров очиб бериб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг асосий мақсади — инсон қадри ва халқ фаровонлигини таъминлаш эканини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг сўзга чиққанлар — “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ҳусенов Самойдин Қосимович, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Шарипов Зубайдулла Зарипович, “Маърифат” тарғиботчиси Амонов Азизбек Амонов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари томонидан ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти атрофлича ёритиб берилди.
Тадбирда туман ташкилот раҳбарлари, маҳалла ходимлари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, нуронийлар, шоир ва журналистлар фаол иштирок этди.
Учрашув давомида очиқ мулоқот ташкил этилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, долзарб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Бу каби учрашувлар — ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.









