Ғиждувон туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг йигирма бешинчи сессияси бўлиб ўтди.
2026-04-03 21:55:00 / Янгиликлар

Сессиянинг кун тартибидаги биринчи масала доирасида туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2026 йилнинг дастлабки 2 ойидаги фаолият юзасидан туман прокурори Н.Жўраевнинг ахбороти тингланди. Қонун устуворлигини таъминлаш, профилактик ишларни кучайтириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини ошириш масаласи муҳокама марказида бўлди. Туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи И.Камолованинг ҳисоботида бу борада амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар ва келгусидаги устувор вазифалар атрофлича ёритилди.
Сессиянинг навбатдаги муҳим масаласи сифатида таълим тизимини ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ҳ.Жумаеванинг ҳисоботида ёш авлодни юксак билим ва салоҳиятга эга этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди. Жорий йилнинг И чорагида 8 та оилавий нодавлат ташкилоти ташкил этилиб, 400 нафар бола учун янги ўринлар яратилди.
Йил якунига қадар яна 300 нафар бола ўрни яратиш режалаштирилгани таъкидланиб, бу борадаги ишлар давлат дастурлари асосида изчил давом эттирилиши қайд этилди. Бу эса келажак авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига мустаҳкам замин яратади.
“Фуқаролар ташаббусли бюджети” жараёнининг биринчи мавсуми якунлари ҳам сессияда алоҳида кўриб чиқилди. Аҳоли фаоллигини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш асосида 14 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун 21 миллиард 650 миллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланди.
Сессия якунида Халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссияларининг ҳисоботлари тингланди. Ўтган давр мобайнида юзлаб муҳим масалалар муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича аниқ чоралар кўрилгани қайд этилди. Кун тартибидаги барча масалалар депутатлар иштирокида батафсил муҳокама қилиниб, қонунийлик, адолат ва халқ манфаатлари устуворлиги асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.









