Ғиждувонда янги ҳосилга мустаҳкам пойдевор яратилмоқда!
2026-04-01 23:55:00 / Янгиликлар

Жорий йилда туманда жами 14 761 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши режалаштирилган. Жумладан, 5 246 гектар ғалла, 7 835 гектар пахта, шунингдек сабзавот, полиз, картошка, мойли ва озиқа экинлари етиштирилади. Бу эса аҳоли фаровонлиги ва бозорлардаги баракани таъминлашга хизмат қилади.
Пахтачилик соҳаси эса алоҳида эътиборда. Бу йил 7 835 гектар майдонга пахта экилиши белгиланган бўлиб, шундан 2 751 гектарда замонавий “Шинжон” усули жорий этилмоқда. Мазкур усул ҳосилдорликни ошириш, сув ва ресурсларни тежашда муҳим аҳамият касб этади.
Туманда пахта экиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида 34 та замонавий қўш қатор чигит экиш техникалари жалб этилган. Уларнинг 12 таси “Шинжон” усулига мослашган бўлса, 22 таси замонавий “Cаsе” русумли эккичлардан иборат бўлиб, юқори унумдорликни таъминламоқда.
Қулай об-ҳаво шароити туфайли март ойининг ўрталаридан бошлаб чигитлар ерга қадала бошланди. Бугунги кунда эса айрим ҳудудларда ниҳоллар униб чиқиб, деҳқон ва фермерларнинг меҳнати ўз самарасини бера бошлади.
Хусусан, Улфатбиби ва Ғовшун ҳудудларида фаолият юритаётган “Зухро Агро замини” ҳамда “Ҳурматбиби кумуш омади” фермер хўжаликларида чигитларнинг униб чиқиши юқори ҳосилга бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда. Бу эса нафақат фермерлар даромадини оширади, балки юртимиз иқтисодий барқарорлигига ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Ғиждувон далаларидаги бугунги меҳнат — эртанги фаровонлик кафолати!









