Давлат харидлари соҳасида тадбиркорлар учун янги имкониятлар муҳокама қилинди.
2026-04-01 11:30:00 / Янгиликлар

Семинарда туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржаси АЖ Бухоро вилояти филиали раҳбари, “Узтест” ДМ Бухоро филиали раҳбари, шунингдек ҳокими ёрдамчилари, турли корхона ва ташкилотлар ҳисобчилари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида мутахассислар давлат харидлари тизимида амал қилаётган савдо платформалари, улардан фойдаланиш тартиблари, афзаллик ва қулайликлар ҳақида батафсил тушунтиришлар бердилар. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификатлаш жараёнида кўрсатилаётган амалий ёрдамга алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарда иштирокчиларга амалдаги тартиблар, берилаётган имтиёзлар ва мавжуд имкониятлар юзасидан зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, эркин иқтисодий саноат зоналарида тадбиркорлар учун яратилган қулай шароитлар ва преференсиялар ҳақида ҳам атрофлича маълумот тақдим этилди.
Тадбир якунида кун тартибидаги мавзулар юзасидан иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Бу эса семинар иштирокчиларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мазкур семинар тадбиркорлик субъектларининг давлат харидлари тизимидаги фаоллигини ошириш, уларнинг рақобатбардошлигини кучайтириш ва иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшишда муҳим аҳамият касб этади.









