Янги мавсум – юксак ҳосил сари муҳим қадам!
2026-03-17 20:55:00 / Янгиликлар
Ғиждувон туманида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, баҳорги экинларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш масалаларига бағишланган муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Туман ҳокими Ф. Умаров бошчилигида ўтказилган ушбу учрашувда соҳанинг бугунги кундаги долзарб вазифалари атрофлича таҳлил қилиниб, аниқ режалар белгилаб олинди.

Йиғилишда чигит экиш ишларига масъул мутасаддиларнинг жавобгарлигини ошириш, ҳар бир жараённи пухта назорат қилиш ҳамда ишларни уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича қатъий топшириқлар берилди. Таъкидланганидек, ҳар бир қарич ерга эътибор – эртанги мўл ҳосилнинг пойдеворидир.
Мутахассислар томонидан илғор агротехнологиялар, хусусан томчилатиб суғориш ва плёнка остида экиш усулларининг самарадорлиги алоҳида қайд этилди. Ушбу ёндашувлар натижасида айрим майдонларда 70–80 центнергача ҳосил олиш имконияти мавжуд. Жорий мавсумда туманда 7835 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилгани эса юксак натижалар сари қатъий интилаётганимизнинг яққол ифодасидир.




