Маълумки, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” сифатида белгиланган.
2026-03-12 21:20:00 / Янгиликлар

Шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ғиждувон туманидаги таълим муассасаларида бўлиб, ўқувчи ёшлар билан учрашди.
Вилоят раҳбари дастлаб 35-умумтаълим мактабида ўқувчиларга яратилган шарт-шароитларни ўрганди, моддий-техник базаси билан қизиқди. Шунингдек, мактаб раҳбарияти ва педагогик жамоаси билан мулоқот қилиб, уларнинг таълим сифатини кўтариш бўйича таклиф ва муамоларини тинглади.
Маълум қилинишича, 1989 йилда қурилган, 624 ўринли мазкур таълим масканида ҳозирда 567 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Педагог ходимлар сони 56 нафарни, 11-синф битирувчилари 29 нафарни ташкил этиб, 21 нафар ўқувчи ОТМ га, 5 нафар ўқувчи эса техникумга кириш истагини билдирган.
Ботир Зарипов мактаб битирувчиларининг аввалги йилларда олий таълимга кириш кўрсаткичларини таҳлил қилди, ўқишга кира олмаган ёшларнинг ҳозирда қандай юмуш билан бандлиги ҳақида сўради. Айни масалани мутасаддилар билан кенг муҳокама қилди.
Мактаб битирувчилари билан учрашув ҳам қизғин кечди. Вилоят раҳбари мамлакатимизда, жумладан, Бухорода ёшларга оид давлат сиёсати ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида тўхталиб, ёшларни очиқ ва ошкора мулоқот қилишга чақирди.
Самимий руҳда ўтган очиқ мулоқотда ёшлар ўзларининг ютуқлари, режалари, мақсадлари ҳақида гапирдилар, таклифларини билдирдилар.
Масалан, ўқувчилардан бири мактабнинг спорт майдони ҳолатини яхшилаш таклифини билдирган бўлса, яна бир ўқувчи кутубхонани кенгайтириш ва китоб фондини бойитиш бўйича ёрдам сўради.
Ботир Зарипов ҳар бир билдирилган таклиф бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва ижроси алоҳитда назоратга олиниши юзасидан соҳа масъулларига топшириқ ва кўрсатмалар берди.









