Ёшларга яратилаётган имкониятлар — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори!
2026-02-26 21:35:00 / Янгиликлар

Бу ташаббуслар — шунчаки рақамлар емас. Бу — ҳар бир ёшнинг орзуси, интилиши, келажак режаси ва муваффақияти учун яратилаётган ҳақиқий имкониятлардир.
Ҳар пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” жорий этилади — бу давлат ва ёшлар ўртасидаги очиқ мулоқотнинг янги босқичидир.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қўшимча 200 миллион доллар маблағ ажратилади.
Ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 300 миллион сўмгача оширилади.
Йирик лойиҳалар учун 10 миллиард сўмгача молиялаштириш имконияти яратилади.
Инновацион стартапларга 100 минг долларгача инвестиция киритингишга рухсат берилади.
Энг яхши 1000 нафар ёшга 7 фоизли имтиёзли ссуда ажратилади.
Ёш оилалар учун ипотека кредит ставкасининг 14 фоиздан ошган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Бу ислоҳотлар — ёшларни иш изловчидан иш берувчига айлантириш, уларнинг интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган стратегик қадамлардир.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ғиждувон туманида кенг қамровли очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Вилоят прокурори У.Хамдамов ҳамда туман ҳокими Ф.Умаров раҳбарлигида туман прокурори, ИИБ раҳбари, Солиқ инспексияси бошлиғи ва бошқа масъуллар иштирокида ёшлар билан юзма-юз учрашувлар ўтказилди. Ҳар бир мурожаат ва ҳар бир таклиф эътибор марказида бўлди.
Ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” доирасида тумандаги 60 та мактабнинг юқори синф ўқувчилари билан очиқ ва самимий суҳбатлар ташкил этилди. Президентимиз томонидан яратилаётган имкониятлар батафсил тушунтирилди, ёшларнинг келажак режалари ва касб танлаш борасидаги фикрлари тингланди.
49-умумтаълим мактабида ўтказилган мулоқот айниқса мазмунли бўлди. Ўқувчилар ўз мақсадлари, орзу-интилишлари ва уларни қийнаб келаётган муаммоларини очиқ баён этдилар. Масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олиниши таъкидланди.
Учрашувдан сўнг мактаб ҳовлисида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали ниҳоллар экилди. Бу эзгу ташаббус — нафақат атроф-муҳитни обод қилиш, балки ёшлар қалбига меҳр ва масъулият туйғусини сингдиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, ўқувчиларга китоблар совға қилиниб, китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Кейинги манзил — замонавий қиёфада барпо этилаётган “Шарқ” маҳалла гузари бўлди. Маҳалла фаоллари билан ишсиз ёшлар бандлиги ва уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир ёш тақдири давлат эътиборида эканлиги амалда намоён бўлди.
1-сон касб-ҳунар техникуми битирувчилари билан ҳам очиқ мулоқот ўтказилди. Давлат томонидан берилаётган имтиёз ва ёрдамлар ҳақида атрофлича маълумот берилиб, ёшлар ўз таклиф ва ташаббусларини билдиришлари ва мурожаатларнинг ижроси назоратга олиниши таъкидланди.
Бугун ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот — давр талаби. Чунки ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг таянчи, ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир.
Ёшларга ишонч билдирган жамият — албатта юксалади.
Ёшларга имконият берилган давлат — албатта тараққий этади.
Зеро, ёшларга эътибор — миллат келажагига эътибордир!









