РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-07-22 08:00:00 / Расмий муносабатлар

Ижтимоий тармоқларда Фарғона тумани ҳокимининг фуқаролар қабули ҳамда жараёнда кузатилган вазият юзасидан билдирилган танқидий мурожаат бўйича Фарғона тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона тумани Халқ қабулхонасида туман ҳокими Нодиржон Машрапов томонидан жисмоний ва юридик шахслар вакиллари учун навбатдаги шахсий қабул ўтказилди. Қабул белгиланган тартибда соат 10:00 дан 12:15 га қадар давом этган.
Ушбу вақт оралиғида туман ҳокими томонидан туманда истиқомат қилувчи фуқароларнинг 15 та мурожаати атрофлича кўриб чиқилди. Шундан 3 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди, 4 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ҳамда қўшимча ўрганишни талаб этадиган 8 та мурожаат тегишли масъулларга бириктирилиб, ижроси туман ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.
Мурожаатда "қабулдан сўнг қолиб кетган" деб айтилган фуқаролар аслида қўшни ҳудуд — Фарғона шаҳар, "Ўрта шўра" МФЙ аҳолиси вакиллари ҳисобланади. Улар ўз маҳаллалари ҳудудида жойлашган Фарғона тумани Мажбурий ижро бюроси (собиқ МФЙ биноси)ни туман ҳудудига кўчириш ҳамда ушбу бинолни МФЙ ихтиёрига бериш масаласида мурожаат қилишган.
Шу куни давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилиши белгиланганлиги сабабли, туман ҳокими режадаги барча туман аҳолисини қабул қилиб бўлгач, соат 12:15 да ушбу муҳим давлат аҳамиятига эга мажлисга тайёргарлик кўриш учун жўнаб кетган.
Шундан сўнг, шаҳар ҳудудидан келган фуқаролар билан Фарғона тумани ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Хамидахон Абдуғаниева ҳамда масъул ходимлар томонидан шахсий қабул ўтказилган. Суҳбат давомида МИБ биносини кўчириш масаласи муайян вақт ва ҳуқуқий жараёнларни талаб этиши тушунтирилган. Жумладан, туман марказида Мажбурий ижро бюроси учун янги бино қуриш ёки фойдаланилмаётган бинолни таъмирлаб кўчириш, ёки икки томонлама келишув ўрнатиб, вақтінча бир бинода ҳам Мажбурий ижро бюроси, ҳам маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини биргаликда юритиб туриш вариантлари таклиф этилган ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Фарғона тумани ҳокимлиги фуқаролар билан очиқ мулоқотни таъминлаш, уларнинг мурожаатларини тинглаш ва қонуний ечим топиш тамойилларига ҳар доим содиқдир.
Фарғона тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати







