Вилоят ҳокими, маҳаллани қўллаб-қувватлаш вилоят кенгаши раиси Ботир Зарипов вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан учрашди. Самимий мулоқот “Маҳмуд Торобий” спектакли томошасига уланди
2025-11-04 20:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз таъкидлаганидек, биз маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун бўлиб яшашга ўргатиб, бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилмани тушунамиз.
Айни пайтда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ўз ҳаётини, қувонч-у ташвишларини маҳалладан айри ҳолда тасаввур эта олмайди.
Ўз навбатида маҳалла раиси ҳам ҳудудидаги ҳар бир оила, ҳар бир хонадон аъзосини ўз фарзанди, яқин қариндоши сифатида кўради.
Бугун вилоят ҳокими, маҳаллани қўллаб-қувватлаш вилоят кенгаши раиси Ботир Зариповнинг вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан бўлиб ўтган учрашувида айни шу жиҳатлар алоҳида тилга олинди.
Ботир Зарипов маҳалла раисларининг маҳалла ободлигини таъминлашда аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни тарғиб қилиш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш, тўй-маросимларни исрофгарчиликларсиз ихчам ўтказиш, ҳудудни ҳар тарафлама ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш каби масалалардаги фидойиликларини эътироф этди. Кейинги йилларда вилоятимизда соҳа ривожи йўлида амалга оширилган ишлар таҳлилига эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, вилоятдаги 516 та маҳалла фуқаролар йиғинларида “маҳалла еттилиги” учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида 2021-2025 йилларда маҳалла фуқаролар йиғинларининг 135 тасига янги бино қуриб берилди, 30 таси жорий, 7 таси капитал таъмирланди. Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ажратилган 44 млрд сўмлик грант маблағлари ҳисобига Бухоро, Когон, Вобкент, Шофиркон ва Ғиждувон туманларида 10 та замонавий маҳалла маркази бунёд этилди.
“Маҳалла бюджети” тизимини жорий этилиши маҳаллалар ўз эҳтиёжлари ва устувор вазифалари учун бюджет маблағларини мустақил равишда режалаштириш ва сарфлаш имкониятига эга бўлди.
Бухоро вилояти бўйича 2024-2025 йиллар давомида маҳаллаларнинг ҳисоб рақамларига 36,6 млрд сўм маблағлар шакллантирилди.
Ушбу маблағлар ҳисобидан 2,4 млрд сўм–маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, 2,9 млрд сўм– маҳалла биноларини қуриш ва таъмирлаш, 8,3 млрд сўм– маҳаллаларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, 3,2 млрд сўм – “Яшил макон” лойиҳасига, 3,8 млрд сўм – маҳаллаларни камералаштириш харажатларига йўналтирилди.
Президентимизнинг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 13 та “Маҳалла сервис компанияси” ташкил этилди. Ушбу маҳалла сервис компанияларига 11 турдаги зарур техник воситалар ва ускуналар етказиб берилди. Ҳозирда ушбу компаниялар томонидан аҳолига 23 турдаги хизматлар кўрсатиш белгиланган.
-Давлатимиз раҳбари сизларга доимо ишонч билдириб, маҳалла раиси “Халқ билан давлат ўртасидаги кўприк” иборасини кўп бора таъкидлайдилар. Ҳурматли Президентимизнинг ишончларини оқлаб, ўз ҳудуди ривожида жонбозлик кўрсатаётган фидойи раисларимиз кўплиги барчамизни қувонтиради. Ана шундай раисларимиз саъй-ҳаракати билан 317 та маҳалламизда жиноят содир этилмаган. Хусусан, Жондор туманидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шаҳло Ёғдиева, Пешку туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акмал Очилов орамизда ўтирибтилар. Бу маҳаллаларнинг аҳоли сони қарийб 7 мингга яқинлашса-да, 5 йилдан буён маҳалла ҳудудида бирорта ҳам жиноят қайд қилинмаган, ушбу маҳаллалар “яшил тоифа”да. Ёки ажримларнинг олдини олиш бўйича Ромитан туманидаги “Шўрча”, “Ўзбекистон”, Бухоро туманидаги “Маданият Работ” маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бу маҳаллаларда 3 йилдан буён бирорта ҳам ажрим қайд қилинмаган.
Маҳалла ободлигини таъминлаш, тозалик-озодалик бўйича эса Бухоро шаҳридаги “Кўкалдош”, Вобкент туманидаги “Косари”, Ғиждувон туманидаги “Зарафшон”, Пешку туманидаги “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари жонбозлик кўрсатиб, Бухоромизни тоза-озода бўлишига ҳисса қўшиб келмоқдалар. Ўйлайманки, бу каби яхши тажрибалар кенг қанот ёзиб, барча маҳаллаларимизни қамраб олади,-деди Ботир Зарипов.
Шу билан бирга вилоят раҳбари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари олдида турган муҳим вазифалар хусусида ҳам тўхталди. Жумладан, аҳоли муаммолари билан ишлаш, камбағал оилаларнинг даромадини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, куз- қиш мавсумини беталофат ўтказиш, айниқса, ис газидан асраш учун тарғиботни кучайтириш, мигрантлар билан ишлаш бўйича мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувда маҳалла фуқаролар йиғинларини раисларининг таклиф ва ташаббуслари билан тингланди. Бу борада амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши айтилди.
Албатта, маҳалла аталмиш катта оила раҳбарининг фаолиятини самарали ташкил этишда унга муносиб ҳордиқ шароитини яратиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода учрашувдан сўнг Ботир Зарипов раислар билан биргаликда вилоят мусиқали драма театри ёш режиссёри Равшан Расулов томонидан саҳналаштирилган “Маҳмуд Торобий” спекталини томоша қилди.
Тарихий манбалар Жондор туманида туғилиб ўсган Маҳмуд Торобийнинг кучли шахс бўлганини тасдиқлайди. У юрт ва миллат озодлиги учун курашган халқ қаҳрамони саналади. 1238 йилдаги Торобий қўзғолони шу нуқтаи назардан кўплаб хорижий тарихчилар, мозийшунослар эътиборини тортган. Буюк адиб Ойбекнинг юрт босқинчиларига қарши курашган бу фидойи инсонга бағишлаб асар ёзиши ҳам бежиз эмас, албатта. Ана шулардан келиб чиқиб айтиш жоизки, театр жамоасининг бу асарга мурожаат қилиши хайрли иш бўлди. Зеро, аҳоли, хусусан, ёшларимиз халқ қаҳрамонлари ҳақида билиши, улар билан фахрланиши, юртпарвар ота-боболаримиз ҳаёти ва фаолиятидан ибрат олиши мақсадга мувофиқдир.
Спектаклда ўзбек мусиқа санъатининг дарғаларидан бири, атоқли бастакор Мустафо Бафоевнинг мусиқаларидан ўринли фойдаланилган. Бу мусиқалар саҳнадаги жанговор руҳга сингиб кетган каби таассурот қолдиради. Маҳмуд Торобий ролини ёш актёр Амирхон Ғаффоров ижро этган. Асар томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Шу куни маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида давом этаётган халқаро замонавий санъат биенналесида ҳам бўлишди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









