Когон политехникумида “LIYA TEKSTIL” МЧЖ учун ёш мутахассислар тайёрланмоқда
2025-10-28 11:50:00 / Янгиликлар

Жумладан, вилоятимизда айни пайтга қадар “AKSA ENERJI BUXHARA” МЧЖ томонидан қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг, қуввати 270 МВт бўлган газпоршенли иссиқлик электр станцияси, “BUXARA VARNET” МЧЖ томонидан 120 гектар майдонда қиймати 80 миллион АҚШ долларилик иссиқхона ўқув комплекси, тажриба участкалари, “In Vitro” услубидаги кўчатхоналари, лаборатория, иссиқхона металл конструкциялар ишлаб чиқариш заводи ва уй-иссиқхоналари, "Liya tekstil" МЧЖ хусусий корхонаси томонидан қиймати 6,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги трикотаж мато тўқиш ва бўяшни ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилган.
"Ғиждувон" эркин иқтисодий зонасида, Когон туманида туркиялик инвестор раҳбарлигидаги “LIYA TEKSTIL” МЧЖ томонидан трикотаж мато тўқиш ва бўяшни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишга киришилганига кўп бўлмади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 6,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, корхона фаолиятини йўлга қўйиш натижасида юздан ошиқ янги иш ўрни яратилган ва йилига 2400 тонна ҳажмидаги трикотаж мато тўқиб, бўялиши имконияти мавжуд.
Ҳозирда корхонани ёш мутахассис ишчилар билан тўлдириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни барқарор изга солиш мақсадида "Liya tekstil" МЧЖ ҳамда Когон тумани политехникуми ўртасида дуал таълим тизимини ривожлантиришга доир келишув амалга оширилмоқда.
Куни кеча "Liya tekstil" МЧЖ раҳбарияти туман ҳокими Отабек Қазоқов ҳамроҳлигида Когон политехникумида бўлиб, муассасада текстиль соҳасида таълим олаётган ёшлар билан оқич мулоқот қилдилар. Учрашувда ўқувчиларга амалий кўникмаларга эга бўлиш ва уларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этишга доир келишувлар юзасидан саволларга жавоб берилди. Политехникумда енгил саноат, хусусан, ип йигириш, мато тўқиш ва бўяш тармоғи учун ёш мутахассислар тайёрланмоқда.
"Лия текстиль" МЧЖда ишлаш истагидаги ёшлар эндиликда ўз билимларини ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш, замонавий технологияларни ўрганиш ва реал иш жараёнига тўғридан-тўғри иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Бу билан турли мутахассисликлар бўйича тайёрланган ёшларни саноат бозорига тайёрлаш имконияти яратилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









