Қоракўл: Дарғали ва Орғун қишлоқлари йўли асфальтлаштирилмоқда
2025-10-27 17:50:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа доирасида Дарғали қишлоғининг жами 1,5 километр узунликдаги ички йўлига асфальт қопламаси ётқизиш ишлари бошлаб юборилди. Амалга оширилган ишлар маҳалла аҳолиси, ҳайдовчи ва пиёдалар учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имкониятини яратмоқда.
Мазкур жараён жамоатчилик иштирокида, очиқ ва шаффоф тарзда олиб борилди. Лойиҳа доирасида бажарилган йўл таъмири ва ободонлаштириш ишлари маҳалла қиёфасига кўрк қўшаётгани билан бирга аҳоли иноқ ва баҳамжиҳатлиги, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Дарғалида фақат йўл таъмири эмас, айнан аҳоли фаоллиги туфайли жорий мавсумда “Ташаббусли бюджет” платформаси орқали 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби спорт залини тўлиқ таъмирлаш, стадионига сунъий қопламали чим ётқизиш ва атрофини темир тўсиқлар орқали ўраш, югуриш йўлагини барпо этишдек муҳим ишлар амалга оширилди. Бу хайрли лойиҳалар учун дарғалиликлардан 4 мингдан ошиқ фуқаро овоз бериб, хайрихоҳлик билдирди.
Худди шундай, маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги туфайли таъмирталаб ҳолга келган Орғун қишлоғи ички йўлинининг 3 километр қисмини асфальт қилиш ташаббуси билан чиқилган. Айни пайтда мазкур ташаббус ҳам 3835 та овоз тўплаб, “Ташаббусли бюджет” платформасида ғолибликни қўлга киритган. Бу борада ҳам ҳадемай кўп йиллик ташвиш-муаммо бартараф этилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати


