Ботир Зарипов ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби билан учрашди
2025-10-17 19:55:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида Бош котиб вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди.
Ботир Зарипов азалдан тарихи, тили ва дини, урф-одат ва анъаналари, бугунги орзу-интилишлари муштарак бўлган туркий халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашда ТУРКСОЙнинг ўрни ва аҳамияти алоҳида эканини таъкидлади. Туркий миллатларнинг маънавий бирлигини таъминлаш, муштарак қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, умумий бойлигимиз бўлмиш ноёб тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш, буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли маданий-гуманитар дастурлар амалга оширилаётганига эътибор қаратди.
Ўз навбатида, Бош котиб Ўзбекистоннинг туркий дунё маданий мероси ва тарихида тутган ўрни беқиёс эканини эътироф этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсат туфайли мамлакатнинг ТУРКСОЙ доирасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, туркий мамлакатларда ташкил этилаётган маданий тадбирлар, илмий-маърифий анжуманлар, туркий тиллар ва адабиётлари ривожига бағишланган халқаро конференциялар, амалга оширилаётган қатор лойиҳаларда Ўзбекистон вакиллари фаол қатнашаётгани, Ўзбекистонда ташкилот билан биргаликда турли фестиваллар, кўргазмалар, ижодий форумлар ўтказиш анъанага айланганини қайд этди.
Жумладан, айнан Президентимизнинг ташаббуси билан Бухорода илк бор ўтказилаётган халқаро замонавий биеннале Ўзбекистон халқининг бой тарихи, маданий мероси билан замонавий санъат қарашларини уйғунлаштирувчи, инсоният, туйғу ва ижодкорлик мавзулари орқали умумбашарий маданий мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилувчи муҳим майдонча эканлигини айтиб ўтди.
Мулоқот давомида маданият ва санъат соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, Бухорода бўлиб ўтадиган илмий-амалий халқаро анжуманларни янада ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Маълумот учун: ТУРКСОЙ 1993 йилда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Туркия ўртасидаги келишув натижасида ташкил этилган. Кейинчалик ташкилотга бошқа давлатлар кузатувчи сифатида қўшилди.
ТУРСКОЙ ташкилотининг мақсади туркий халқларнинг маънавий яқинлиги ва қардошлик бирлигини мустаҳкамлаш, туркий маданиятни дунёга танитиш ва унинг анъаналарини келажак авлодларга етказиш ҳисобланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









