"Kogon Mars рlyus" МЧЖда янги лойиҳа туфайли иш ўрнини юзтадан ошириш чоралари кўрилмоқда
2025-10-16 15:25:00 / Янгиликлар

Айни пайтда бу ерда 54 та иш ўрни яратилиб, корхонанинг йиллик маҳсулот айланмаси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ўтган 2023 йилда бу борадаги кўрсаткич 13 миллиард 200 миллион сўмни, 2024 йилдаги фаолиятдан 17 миллиард 300 миллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил якунига бориб йиллик товар айланмаси ҳажмини 25 миллиард сўмга етказиш мақсад қилинган.
Ҳозирги кунда вилоятдаги 80 тага яқин корхона фаолиятида зарур бўлган ускуна ва жиҳозлар, саноат учун махсус асбоб-ускуна, бутловчи эҳтиёт қисмлар айнан “Kogon Mars рlyus”да ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, корхонада мавжуд имкониятлар кенгайтирилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида янги лойиҳага мувофиқ 2,2 гектар майдонда маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари барпо қилинмоқда.
—Ҳозирда жамоамиздаги ишчи-мутахассис сони 54 нафарни ташкил этаётган бўлса, айни пайтда бизга ажратилган ернинг 2900 метр квадрат майдонида маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари барпо этилаётгани ҳисобидан 50 миллиард сўмлик лойиҳа ижроси яқин ойларда тўла-тўкис таъминланиши ортидан бу ердаги иш ўрнини 100 тадан ошириш чораларини кўрмоқдамиз,—дейди корхона раҳбари, “Shuhrat” медали соҳиби Сайёт Қосимов.—Бу билан яна ўнлаб оилалар турмуш шароитлари яхшиланиб, туман иқтисодиётида корхонамиз ўз моддий улушига эга бўлади. Бу ҳам мамлакатимизда кичик, ўрта бизнес вакиллари, умуман, соҳа ходимлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги яққол намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









