Қорақалпоғистонликлар Бухорода ишлаб чиқаришдаги илғор тажрибаларни ўргандилар
2025-10-13 20:55:00 / Янгиликлар
Вилоятимизда халқ хўжалиги тармоқларида жорий қилинаётган истиқболли лойиҳалар, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бизнесни ривожлантиришдаги илғор технологияларни ўрганиш шу кунларда Бухорода хизмат сафари билан бўлиб турган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Б. Сейтназаров бошчилигидаги ишчи гуруҳининг асосий мақсадига айланган.

Қорақалпоғистон делегацияси таркибида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири, Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, “Қорақалпоқ деҳқон бозори” республика уюшмаси раиси, Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи, Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи каби мутасаддилар бор.
Меҳмонлар Когон туманидаги “Туткунда” маҳалласидаги тадбиркорлик субъектлари, хусусан, фаолият бошлаганига кўп бўлмаган гўштни қайта ишлаш цехини бориб кўрдилар.
Жомард, Шехон, Туткунда, Каптархона қишлоқларини ўзида жамлаган “Туткунда” МФЙда жами 5 мингдан зиёд аҳоли яшаётган бўлса, маҳалла “драйвери”, яъни «ўсиш нуқталари» сифатида томорқа, иссиқхона хўжалиги ва паррандачилик тармоқлари ривожланмоқда. Ҳудудда қурилиш материаллари, пардозбоп ғишт, брусчатка ишлаб чиқариш, буғдойни қайта ишлаш корхоналари билан бирга аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари фаолият юритмоқда.
Айнан Туткундада лойиҳа қиймати 15 миллиард сўм бўлган, кунига 1 тонна гўштни қайта ишлаб, колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Негбой ота” МЧЖ ўз фаолиятини бошлаганига икки ой тўлмоқда.
Мазкур корхона замонавий технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 миллиард сўмни ташкил этади. Корхонада 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган бўлиб, бу ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлашда баҳолиқудрат ҳисса қўшмоқда.
«Туткунда» МФЙ, Шехон қишлоғида жойлашган корхона 2009 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Айни кунда МЧЖ га зарур ўттиздан ошиқ ускуна ва жиҳозлар Хитой давлатидан олиб келиб ўрнатилган. Бунда маҳаллий ёшлардан 54 нафар ишчи-мутахассис бандлиги таъминланган бўлиб, улар томонидан йилига 37 миллиард сўмлик қийматдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу билан бюджетга йилига ўртача 1,5-2 миллиард сўмгача тушум кирим қилинмоқда.
Корхона имкониятлари ва ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида унинг таъсисчиси Сайёт Қосимов томонидан ҳозирда ишчи ўрнини 120 нафарга етказиш, албатта, цехларда тайёрланадиган маҳсулот салмоғини 50 миллиард сўмга етказиш чора-тадбири кўрилмоқда.
Бундан ташқари, «Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси» махсус саноат паркида «Silk Road Innovation Group» масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона томонидан “AQUATON” инновацион гидроизоляцион полотно ишлаб чиқариш лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда.
Умумий қиймати 2,4 миллион АҚШ долларига тенгг мазкур лойиҳа хитойлик инвестор Юра Занг томонидан амалга оширилаётган бўлиб, дастлабки босқичда 35 та янги иш ўрни яратилган. “AQUATON” инновацион гидроизолясион полотно — бу инновацион материал бўлиб, сувни ушлаб туриш ва оқишнинг олдини олиш учун зарур бўлган зичлик ва эластиклик хусусиятларига эга. Бу материал тупроқли ва баланд жойларда сув чиқишини камайтириш учун ишлатилади.
Худди шундай, “Silk road inovation” МЧЖ нинг тош гилам ишлаб чиқариш лойиҳаси қорақалпоғистонлик мутасаддилар эътиборидан четда қолмади. Мазкур лойиҳа қуввати—йилига 600 минг квадрат метр ҳажмдаги гидроизол ишлаб чиқарилмоқда. Бу дегани, йилига 50 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш имконияти яратилган.
Қорақалпоғистон делегациясиниг кейинги манзили "CHINA XIANGYANG GROUP So Ltd" хорижий корхонаси бўлди.
Мазкур тадбиркорлик лойиҳаси умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, йилига 16 минг 800 тонна ҳажмидаги гофра картон қоғози ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда 15 та иш ўрни яратилган корхонада йилига 220 миллиард сўм қийматидаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Мазкур тадбиркорлик лойиҳаси умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, йилига 16 минг 800 тонна ҳажмидаги гофра картон қоғози ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда 15 та иш ўрни яратилган корхонада йилига 220 миллиард сўм қийматидаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






