Пешку: “Зарифжон Шамшод замини” ва “Ато бобо чорва замини” фермер хўжаликларида ҳам мўл ҳосил етиштирилди
2025-10-13 10:45:00 / Янгиликлар

Маҳаллий иқлимга мос «Бухоро-8», «Бухоро-10» навлари билан бирга Хитойдан келтирилган «Chao Zang-88», «Xin Lu Zao-57» каби серҳосил навларига мансуб 2630 гектар ерга тажриба-синов тариқасида барака уруғи қадалиб, кўзланган саноат хом ашёси етиштирилган.
Пешкулик деҳқонларнинг йил бўйи машаққат билан етиштирган ҳосилини нест-нобудгарчиликларсиз йиғиб-териб олиш мақсадида айни кунда ҳудудда 200 тадан ортиқ терим отряди тузилган бўлиб, уларга 6 мингдан ошиқ теримчи жалб қилинмоқда. Пахтакорлар жорий йилнинг ўзида қарийб 33 минг 475 тонналик «оқ олтин» хирмони барпо қилиш ҳаракатидалар.
Шу кеча-кундузда дала меҳнаткашлари қўл терими билан бирга 1136 гектар ердаги «оқ олтин»ни янги "JOHN DEERE" ва «FM World» русумли замонавий комбайнларда териб олиш ҳаракатидалар. Шунинг учун агрономлар тавсияси асосида тумандаги 6704 гектар пахта майдонида дефолиация ва десикация агротехник тадбирлари тўла-тўкис амалга оширилиб, мўл ҳосил хирмони яратилмоқда.
Варахшо ҳудудида яшовчи меҳнат фахрийлари, нуронийлардан бир гуруҳи фермер хўжаликлари ҳашарчи теримчиларига мададкор сифатида дала меҳнаткашлари билан елкама-елка пахта териб, ибрат бўлишмоқда. Жумладан, “Зарифжон Шамшод замини” фермер хўжалигида бораётган йиғим-теримда қатнашиб, “оқ олтин” хирмони юксалишида фаоллик кўрсатишмоқда.
Худди шундай, “Садир” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Ато бобо чорва замини” фермер хўжалигида пахта теримида фаоллик кўрсатаётган теримчилар учун ҳам дастурхон ёзилиб, илғор чеварларни алоҳида тақдирлаш канда бўлмайди. Шу боисдан, хўжаликларда “оқ олтин” хирмони юксалмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









