Ботир Зарипов Грузиянинг “Reformatiks” консалтинг компанияси мутасаддиларини қабул қилди
2025-10-10 15:55:00 / Янгиликлар

Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида “Reformatiks” консалтинг компанияси экспертларининг мамлакатимизга ўнга яқин ташрифи амалга оширилди. Экспертларнинг ҳудудлардаги туристик манзилларга ташрифлари натижасида сайёҳлик инфратузилмасини шакллантириш, янги туристик маҳсулотлар яратиш ҳамда хизматлар сифатини ошириш бўйича истиқболли таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, амалга оширилган ўрганишлар асосида юртимизда туризмни 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасининг 9 та йўналиши бўйича 2 та оралиқ ҳисобот тақдим этилди.
Шу йилнинг 8-20 октябрь кунлари мазкур компания экспертларининг юртимизга навбатдаги ташрифларидан кўзланган асосий мақсад тарихий аҳамиятга эга ҳудудда туризм соҳасида истиқболдаги йирик лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик имкониятлари, қолаверса, соҳани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан креатив тақдимотларни амалга оширишдир.
Қадимий бой тарихига эга Бухорои шариф хорижий компания экспертлари катта қизиқиш билдираётган ва бунда қатор истиқболли лойиҳалар назарда тутилган ҳудудлардан бири саналади. Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бугун “Reformatiks” консалтинг компанияси ҳамкори ва катта директори Тамара Ковзиридзе ҳамда Грузия Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат тузилмаларида бир қатор масъулиятли лавозимларда ишлаган дипломат Отар Бердзенишвилини қабул қилди.
Дастлаб вилоят ҳокими хорижий компания вакилларига кўп минг йиллик тарихга эга Бухоронинг ўтмиши ва бугуни, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, айниқса, туризм салоҳиятига доир имкониятлари, бу борада чет эл сармоядорларига яратилган имконият ва имтиёзлар хусусида атрофлича маълумот берди.
Ўз навбатида, вилоят ҳокимига Бухородаги самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлигини билдирган хорижий экспертлар икки томонлама мулоқот конструктив ва ташкилий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, унда бой тарихий қадрият ва меросига эга ҳудуд туризм салоҳиятини тўлиқ намойиш этиш, унинг келгусидаги барқарор ривожига дахлдор истиқболли лойиҳалар муҳокамасига эътибор қаратдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








