Когон тумани “Ниёзҳожи” маҳалласида истироҳат боғи қурилмоқда
2025-10-08 21:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августдаги “Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-287-сонли қарорига асосан Когон тумани “Ниёзҳожи” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам янги лойиҳа асосида аҳоли кўнгилли ҳордиқ чиқаришига муўлжалланган замонавий истироҳат боғи барпо этишга киришилган.
Лойиҳа доирасида кўчаларда ёритиш устунлари, ўриндиқлар ва чиқинди урналарини ўрнатиш, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш, аудио мусиқа тизимини ташкил этиш, декоратив арка ва устунлар ўрнатиш, шунингдек, ҳудудда фотозоналар учун декоратив элементлар ташкил этиш, пиёдалар йўлаклари, вело-йўлаклар йўл чеккасида ҳаракатланишга халал бермайдиган автотураргоҳлар ва замонавий ўриндиқлар ташкил этиш, овқатланиш учун қулай бўлган “Food trak”лар фаолиятини йўлга қўйиш, болалар ўйингоҳи ўрнатиш каби ишлар амалга оширилади.
Ўтган йили “яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мазкур паркни 6 гектар майдонига 5 минг тупдан ортиқ чинни, гужум, акация, каталпа, қарағай, чинор, клён каби ноёб манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, парвариши бошланганди. Албатта, бу кўркам манзара дам олиш масканини янада сўлим ва баҳаво бўлишига хизмат қилади.
Йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши мўлжалланган лойиҳанинг аҳамияти, йилига маҳаллий бюджетга 500 миллион сўм атрофида даромад кирим қилиниб, бунда тижорат эгалари ва меҳмонлар учун қатор савдо ва сервис, кўнгилочар хизмат турлари таклиф этилади. Шунингдек, 50 нафарга яқин янги иш ўрни яратилади. Аҳолига дам олиш учун ажойиб маскан бўлиши кутилаётган бу лойиҳага шу кунларда зарур механизациялашган ишчи кучи жалб қилинган ва ҳудудда ободонлаштириш, тупроқ ва декорация ишлари бошланган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









