Бухорода уч авлод учрашуви ўтказилди: кекса авлод вакиллари шарафланди
2025-10-07 16:45:00 / Янгиликлар

Мазкур ҳафталик доирасида Бухоро шаҳридаги “Sahid Zarafshon” меҳмонхонаси тантаналар саройида “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.
Бу азиз ва муқаддас Ватанда меҳнат қилган, фидойилик кўрсатган ҳар бир фуқаронинг эл-юрт олдидаги хизматлари доимо қадрланиб келинган. Буни мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 14 июлдаги тегишли қарори асосида юртимиз тараққиёт йўлида ўзининг заҳматли меҳнатлари билан ҳисса қўшган нуронийларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланаётганликлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жорий йилда ҳам Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган юртдошларимиздан бир гуруҳи “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мукофотландилар. Қувонарлиси, бу мукофотга сазовор бўлганлар сафида вилоятимизнинг 51 нафар вакили ҳам бор.
“Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонларини топширишга бағишланган маросимда вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Азизбек Қаландаров йиғилганларни юксак эътироф билан самимий табриклаб, уларга эзгу тилакларини изҳор этди.
Таъкидланганидек, уч авлод учрашувларини ўтказишдан мақсад ёшларимизга бугунги бахтиёр ҳаётимиз қадри, аҳамиятини, Ватанни севиш саодатини ўз шахсий намунаси тимсолида етказиб беришдан иборатдир.
Шу боис камолотимизга беқиёс ҳисса қўшган, ўз дуою ўгитлари билан ҳозир ҳам жамиятимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган пиру бадавлат нуронийларимизни ҳар қанча эъзозласак, шунча оз.
Тадбирда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди. Эҳтиромга сазовор бўлганлар орасида вилоятимиз шаҳар ва туманларида халқ хўжалиги тармоқларида самарали меҳнати, жонкуярлиги ҳамда ўнлаб шогирдлар етиштирган устозлар сифатида Робия Козимова, Баҳодир Зияев, Карим Раҳимов, Ризоқул Неъматов, Раъно Рахимова, Мавлуда Исхакова, Низом Кенжаев, Фахриддин Собиров, Муслима Холиқова, Музаффар Рўзиев, Рамазон Фармонов, Бобоқул Қўлдошев сингари фидокорлар бор.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққан Аҳад Шарипов ҳамда Раъно Рахимовалар эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз, ҳукуматимизга ўз миннатдорликларини изҳор қилишиб, юртимиз равнақи учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар. Бугунги тинч, фаровон кунлар аҳамияти, унинг нақадар заҳматлар эвазига қўлга киритилганлигини ёшларимиз теран тушуниб етишлари зарурлиги қайд қилинди.
Тантана тўкин дастурхон атрофида бухоролик санъат усталарининг дилтортар куй-қўшиқлари, концерт дастури билан ниҳояланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









