Ботир Зарипов “Ибн Сино” жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимжон Маҳмудовни қабул қилди
2025-10-03 14:00:00 / Янгиликлар

“Ибн Сино ўқишлари” доирасида қатор халқаро форумлар, анжуманлар, давра суҳбатлари, мавзули кўргазмалар ўтказилади. Ушбу тадбирларда 20 дан ортиқ давлатдан шарқшунослар, тарихчилар, файласуфлар, исломшунослар, шифокорлар, шунингдек, ННТ вакиллари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Учрашувда мақсади Ибн Сино илмий мероси асосида тиббиёт фани ютуқларини ўрганиш ва келажакда ушбу илмий меросни тиббиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда кенг татбиқ этишга қаратилган мазкур анжуманга тайёргарлик масалалари, амалга ошириладиган ишлар ҳақида фикр алмашилди.
— Фондимиз улуғ бобокалонимизнинг бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлида самарали фаолият юритмоқда, – дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозим Маҳмудов. — Биз мамлакатимиз тарихчи ва шарқшунос олимлари, бошқа илмий муассасалар билан бир қаторда хорижий давлатларда Ибн Сино меросини тадқиқ этаётган турли фондлар ҳамда тузилмалар билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз. Бу борада албатта тажриба алмашиш, ечимини кутаётган долзарб вазифаларни биргаликда ҳал этиш йўлларини излаш жуда муҳим. Мазкур халқаро анжуман айни шу мақсадларга хизмат қилади ва ўзаро тажриба алмашиш учун мулоқот майдонига айланади.
Ўз навбатида Ботир Зарипов мазкур йирик тадбирнинг аҳамияти мамлакатимиз, балки дунё давлатлари илм-фани, айниқса, тиббиёти учун юқори эканлигини алоҳида таъкидлади.
Анжуманга пухта тайёргарлик кўриш, бунда иштирокчи давлатлар географиясини янада кенгайтириш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан кенгашиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







