Қоракўл: Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари инвестиция лойиҳалари билан танишди
2025-09-29 20:25:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов ҳамроҳлигида ўрганилган дастлабки манзил “Аму-Қоракўл” канали қирғоқбўйида барпо этилаётган “Соҳил бўйи” сайлгоҳи бўлди. Мазкур лойиҳа доирасида туманда замонавий савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар масканларни ташкил этиш ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Ҳудудда ҳадемай 30 тадан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият бошлайди, ҳозирда 14 та объектда қурилиш ишлари бошланган.
Кейинги манзил “Эски қалъа” МФЙ да, “Деҳқон бозори” олдидан ўтувчи автомобиль йўлида бунёд этилаётган ер ости йўлаги бўлди. Ушбу туннель қурилиши нафақат йўл-транспорт қатновини енгиллаштиради, балки пиёдалар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда қурилиш якуний босқичга кирган, лойиҳа тўлиқ фойдаланишга топширилгач, аҳоли ва ҳайдовчилар учун катта қулайлик яратади.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари “Ташаббус” МФЙ даги “Эко боғ” ҳамда “Абитуриентлар маркази” лойиҳалари билан ҳам танишди. Умумий қиймати 35 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа доирасида 50 та иншоот қурилиши кўзда тутилган бўлиб, натижада 180 нафардан ортиқ янги иш ўрни яратилмоқда.
— Бу каби амалга оширилаётган бунёдкорликлар аҳолининг ҳаёт сифатини оширишга, ёшлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши керак. Юртимизнинг олис туманида рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар айнан шу мақсадларга йўналтирилгани билан аҳамиятли, — дейди Меҳриддин Абдуллаев.
Республика Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев “Тожикент” МФЙ да “Иссиқхоначилик кооперациясини ташкил қилиш” лойиҳаси билан ҳам танишди. “Паҳлавон Назирқул Турсун” фермер хўжалиги негизида булғор қалампири етиштиришга ихтисослашган иссиқхона кооперацияси ташкил этилади. Лойиҳа умумий қиймати 2 миллиард сўмни ташкил этиб, бу саъй-ҳаракат туфайли 3 мингта хонадон кооперация асосида қамраб олиниб, уларга барқарор даромад манбаи яратилади.
Таҳлилардан кўринишича, ўтган йил биринчи ярмида Қоракўл туманида хотин-қизлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бизнес лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида умумий қиймати 4 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит сармояси иссиқхона, чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик ва турли хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш мақсадида ажратилган.
Масалан, "Тожикент" МФЙда "Аёллар дафтари"даги Феруза Акмуродова 60 миллион сўм кредит маблағи эвазига 5 сотих иссиқхона ташкил этган. Бу ташаббуси орқали Ф.Акмуродова турмуш ўртоғи, ўзи ва қизининг бандлигини таъминлаб, томорқасида 4 тоннадан ортиқ помидор етиштирди. Шунингдек, Дилноза Расулова 27 миллион сўм кредит маблағи эвазига 7 та замонавий тикув машинаси сотиб олди ва ҳозирда ўзи бошчилигида 8 нафар хотин қиз бозор талабларидан келиб чиқиб, тикувчилик билан шуғулланмоқдалар.
Республика Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев айнан “Тожикент” МФЙ да “еттилик” масъуллари билан ҳам мулоқот қилди. Унда маҳаллада ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш, ижтимоий ҳимоя реестрида турувчи оилалар билан ишлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари “Хўжалар” кичик саноат зонасида фаолият бошлаган “Parvoz fayz plyus baraka” тикувчилик корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Ҳозирда бу корхонада 400 нафар ишчи ўрни яратилган бўлиб, тикувчилик йўналишида сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариши йўлга қўйилган.
Айни пайтда корхонада замонавий тикув ускуналари ўрнатилган бўлиб, ишлаб чиқарилаётган кийим-кечаклар нафақат ички бозор, балки экспорт учун ҳам мўлжалланган. Лойиҳа доирасида ёшлар ва аёллар бандлиги таъминланмоқда.
Умуман, мазкур лойиҳалар туман саноат салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









