Ромитан: теримда “Boshiran 4MZ-4C 50” русумли замонавий пахта териш машиналари қўл келмоқда
2025-09-27 18:40:00 / Янгиликлар

Хусусан, 5 минг гектар майдонда ғўзанинг Хитойдан келтирилган "Zoulin Tay-88" ва “Xin Lu Zao-57” каби серҳосил навлари, 3 минг гектар ерда маҳаллий “Бухоро-10”, “Бухоро-102” ҳамда 1,3 минг гектар ерда “Бухоро-6” навли уруғ экилиб, агротехник талабларга мос парваришланди.
Биламизки, пахта етиштириш ва уни йиғиб олиш — катта куч ва меҳнат талаб қиладиган жараён. Қишлоқ хўжалиги мураккаб тармоқларидан пахтачиликда ҳам замонавий технологияларни қўллаш орқали меҳнат кучи тежалиб, юқори сифат ва самарадорликка эришиш чоралари кўрилмоқда. Шу кеча-кундузда йиғим-теримни самарали ташкил этиш мақсадида фермер хўжаликларига замонавий русумдаги иккита “Boshiran 4MZ-4C 50” русумли пахта териш машинаси олиб келинди.
Техник самарадорлигига келсак, Хитойда ишлаб чиқарилган “Boshiran 4MZ-4C 50” русумли комбайн бир кунда 50 тоннагача пахтани териб олиш имконига эга. Асосийси, бу агрегат момиқ ҳосилни сифатли ва нобудгарчиликларсиз йиғиб-териб олиш имконини беради.
Айни йиғим-терим мавсумида “Boshiran 4MZ-4C 50” русумли комбайн Нурафшон ҳудудидаги “Баркамол шижоат замини” фермер хўжалигида синовдан ўтказилмоқда. Мазкур фермер хўжалигининг 18 гектар ер майдонида пахта етиштирилган бўлиб, хўжалик жамоаси 70 тоннага етказиб “оқ олтин” хирмони бунёд этиш ҳаракатида. Теримни машинада сифатли саранжомлаб олиш мақсадида дефолиация ва десикация ишлари бажарилган.
Умуман, туман пахтакорлари бу йилги мавсумда 42 минг тоннадан ошириб “оқ олтин” хирмонини барпо этиш тараддудидалар. Айни кунда юздан ошиқ отрядга бирлашган 7 мингга яқин ҳашарчи теримчи билан бирга далада замонавий терим агрегатларидан фойдаланилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









