Қоракўл: Пойкентда Бахтиёр Ҳайдаров ичимлик сувини фильтрлаб, қадоқлаш цехини очди
2025-09-26 10:40:00 / Янгиликлар

Ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияси асосида 33 миллион сўм имтиёзли банк кредит маблағини олган йигит Хитой давлати махсус ускунасини харид қилиб, ичимлик сувини юқори даражада фильтрлаш ва қадоқлашни йўлга қўйди.
— Мазкур аппарат ичимлик сувини бир неча босқичда тозалаб беради. Дастлаб, сув қум, занг, тупроқ зарраларидан тозаланади. Шундан сўнг, махсус фильтр сувдаги нохуш ҳид ва кераксиз аралашмаларни ажратиб беради, — дейди ташаббускор Бахтиёр Ҳайдаров. — Сувнинг ўз молекуласи даражасида тозаланади, зарарли тузлар, бактериялар фильтрда ушлаб қолинади. Айни пайтда аҳоли орасида бундай фильтрланган тоза ичимлик сувига талаб ҳам ошмоқда.
Цехда махсус ускуна ёрдамида соатига 1 тонна сув фильтрланиб, истеъмолчиларга етказилмоқда. Тадбиркор томонидан айни вақтда бир кунда ўртача 3 тонна сув тайёрланиб, буюртмачилар манзилига етказиб берилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тадбиркор кўп қаватли уйлар олдида махсус сув бериладиган шахобчаларни ўрнатиб, ишга туширган. Бу минитехнологиялардан аҳоли вакиллари ўзларига керакли ҳажмда фильтрланган сувни сотиб олиши мумкин.
Муҳими, шу фаолияти ортидан тадбиркор 4 нафар маҳалладошини иш билан таъминлади. Бахтиёр келгусида ишлаб чиқаришни кенгайтириб, янада кўпроқ иш ўринлари яратишни ҳамда хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтиришни кўзлаган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









