Қоракўл: Бобур Жумаев шлакоблок цехини ривожлантириш ҳаракатида
2025-09-22 20:15:00 / Янгиликлар

Кўҳна Қулончи, Янгизамон ва Хасхўрда қишлоқларини ўзида бирлаштирган чекка маҳаллада бугунга келиб 750 та хонадон, 1120 та оила ва жами 4 100 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Ҳудудда камбағалликни қисқартириш, одамлар бандлигини таъминлаш, иш ўринларини яратиш орқали оилалар моддий манфаатдорлигини ошириш, ночор ва қийин шароитда яшаётган хўжаликларни иқтисодий «соғломлаштириш» чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, янгизамонлик Бобур Жумаев ҳам ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияси билан расмийлаштириб олган 100 миллион сўм имтиёзли банк кредити ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик цех ташкил этди.
Мазкур цехда бугунги кунда қурилишбоп шлакаблок маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Қурилишга талаб кўпайган ҳозирги кунда бу маҳсулотга талаб ошиб бораётганини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Шу боисдан, кейинги ойларда бу кичик корхонада ишлаётган ёшлар сони 6 нафарга етган. Цемент-бетон ишлари оғир меҳнат ва кишидан жисмоний куч талаб қиладиган тармоқ. Бобур Жумаевнинг айтишича, ишлаб чиқариш ҳажми кенгайтирилаётган цехда ишловчилар сонини яна 4 нафарга кўпайтиришга эҳтиёж бор.
— Мақсадимиз нафақат оиламиз даромадини ошириш, балки қўни-қўшни, маҳалладошларимизни даромадли иш билан таъминлаш. Бошлаган ишимизни кенгайтириб, янги ускуналар олиб келишни, цехимиз фаолиятини янада самарали йўлга қўйиб, буюртмаларни кўпайтиришни кўзлаяпмиз, — дейди Бобур Жумаев. — Бу борада биз каби тадбиркорлик субъектлари солиқ имтиёзи, кам фоизли кредит маблағи билан қўллаб-қувватланаётгани бизнесимизни ривожлантиришга мадад бўлмоқда.
Дарҳақиқат, ёш тадбиркорлар ташаббуслари нафақат бир оила, балки бир кўча, маҳалланинг турмуш тарзи, иқтисодий аҳволига таъсир кўрсатади. Ёшлар бандлигини таъминлаш, талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқарилаётгани бу оилалар учун даромад манбаидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









