Озодбек Шукруллаев: “Жисмоний имкониятим чеклангани бу ҳаёт тўхтаб қолди дегани эмас!”
2025-09-15 12:20:00 / Янгиликлар

Айнан шу чекка маҳаллада яшовчи Озодбек Шукруллаев жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлсада, сабр-матонат билан ҳалол меҳнати орқасидан даромад топиб, ҳаракатдан тўхтамасдан, оиласини боқмоқда. Қишлоқда сартарошликни эъзозлаб, одамлар ҳожатини раво қилиб, шу касб-кори ортидан рўзғори кам-кўстини бартараф этиб келмоқда.
Маҳалла маъмуриятининг амалий кўмаги, ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан Озодбек имтиёзли банк кредити 33 миллион сўм маблағни расмийлаштириб олиб ишини ривожлантирмоқда. Бу сармоя эвазига сартарош йигит замонавий контейнерни ўз ихтиёрига олиб, зарур инвентарва ускуналар билан жиҳозлаб ишга туширди.
— Жисмоний имкониятим чеклангани бу ҳаёт тўхтаб қолди дегани эмас. Мен ҳам бошқалар қатори ҳалол меҳнат қилиб, оила боқишим керак. Баъзи-бировлардай боқимондалик кайфиятига берилиб, маъно-мазмунсиз умр кечиришни истамайман, — дейди Озодбек Шукруллаев. — Меҳнат қилиб, моддий манфаат топганим сайин орзу-ҳавасларимни бемалол ўз қўлларим билан яратишим мумкинлигига ишончим ортмоқда. Бугун маҳалладошларга хизмат қилаётганимдан хурсандман.
Албатта, Озодбекнинг матонати бошқаларга, униг тенгдошларига ибрат. Маҳалладаги ёшлар етакчиси ҳам бу жараёндан четда қолмай, Озодбекнинг фаолияти барқарорлигини таъминлашда бош-қош бўлмоқда. Шу боис, сартарашхона бугун бир ёшнинг ишхонаси эмас, маҳалла ҳамжиҳатлиги ёрқин намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









