Бухоролик устоз ва мураббийларга давлат мукофотлари топширилди
2025-09-15 12:10:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти ҳокимлигида давлатимизнинг юксак мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги ташаббускор ва фидойи, фаол, таълим тизими ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа ходимлари иштирок этди.
Дастлаб вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ботир Зарипов сўзга чиқиб, мамлакатимизда таълим тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати эътироф этилаётганлиги ва бир қатор имкониятлар яратиб берилаётганлигини алоҳида тилга олди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимиздаги таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги 271 та таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилиб, ушбу ишлар учун жами 1 триллион 178 млрд. сўм маблағ йўналтирилмоқда. Вилоят тарихида ҳали бир йил ҳисобида бунча миқдордаги маблағ бирор марта таълимга йўналтирилмаган. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистон вакиллари сифатида вилоятимиздаги кўпгина ўқувчи-ёшлари халқаро фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, медалларни қўлга киритишмоқда. Нуфузли санъат фестиваллари ва танловлари, халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлишмоқда.
Жорий йилда вилоятимиз вакиллари томонидан Халқаро ва республика фан олимпиадаларида 40 дан ортиқ совринли ўринлар қўлга киритилди. Ушбу ўқув йилида ўтказилган тест синовларида иштирок этган битирувчиларимиз ўртача 96 балл тўплаб, республикада энг юқори кўрсаткични, яъни 1-ўринни қайд этди.
— Албатта, устозларимизнинг меҳнатини биргина ушбу жиҳатлар билан белгилаб бўлмайди. Аслида ҳаётимиздаги ҳар бир омадли қадам, ҳар бир муваффақият замирида устозларимизнинг машаққатли меҳнати, тинимсиз изланишлари мужассамдир, - деди вилоят раҳбари.
Тадбирда давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар эътибор ва рағбат учун миннатдорлик билдириб, бундай эътироф Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги келгуси фаолиятларида муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





