Қоракўл: Шакарбек ва Чандиробод ҳудудидан ўтган “Нимпайкал” ариғи ўзани бетонлаштирилмоқда
2025-09-13 17:45:00 / Янгиликлар

Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 декабрдаги “2024 йилда сувни тежаш ҳамда сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш” тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Бухоро вилоятида суғориш тизимида олиб борилган ўрганишлардан сўнг 8 та ирригация тармоғини бетонлаштириш мақсад қилинган.
Жумладан, Қоракўл туманидаги “Сарибозор”, Олот туманидаги "Тайқир-2" ва “Оқпўлат” каналлари ўзанини бетонлаштириш, гидропостларни таъмирлаш ишлари олиб борилгани ҳудуддаги ўнлаб фермер хўжалиги ва томорқа ер эгаларининг юзлаб гектар экин ерларини “оби ҳаёт”га қондириш, мўл ҳосил етиштиришда муҳим аҳамияткасб этмоқда.
Чекка туманда 2024 йилда ииригация тармоқларида олиб борилган таъмирлаш-тиклаш ишлари самараси ўлароқ, умумий ҳисобда 245 километр узунликдаги ички суғориш тармоқлари ўзани бетонлаштирилган бўлса, жорий йил бошидан Човли, Сайёт, Оқ олтин, Қораҳожи, Қораун, Маллаишайх, Зиёрат, Чандиробод, Жиғачи, Қозон каби ҳудудлардан оқиб ўтган сув йўллари ўзанини бетонлаштириш ишлари тизимли олиб борилмоқда.
Яхши биламизки, сув – “оби ҳаёт”, тириклик манбаи, кундалик ҳаётимизни сувсиз тасаввур этиб бўлмас. Суғориш тармоқларини янгилаш, замонавий технологияларни жорий этиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилаётган шу кунларда Шакарбек ва Чандиробод маҳаллаларини сув билан таъминловчи “Нимпайкал” ариғи ўзанини бетонлаштириш ишлари жадал бормоқда.
Мазкур ташаббус туфайли ҳудудда қарийб 1 минг гектар суғориладиган ер майдони, маҳаллий аҳолининг томорқалари ҳамда 5 та фермер хўжалиги экин ерини барқарор сув билан таъминлаш яхшиланади. Натижада, деҳқончиликда ҳосилдорлик ортади, аҳоли томорқасидан олинадиган даромад кўпаяди.
Ҳозирда бу лойиҳа доирасида ариқнинг 2 минг метр қисми ўзани бетонлаштирилмоқда. Муҳими шундаки, қиймати 1 миллиард 300 миллион сўмлик лойиҳа “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида, аҳоли ва ҳудуддаги фермер хўжаликлари ташаббуси ва фаоллиги билан амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







