Қоракўл: Ҳамроқуловлар хонадони экин еридан 100 миллион сўмга яқин даромад олмоқда
2025-09-13 11:30:00 / Янгиликлар

Томорқанинг бошқа бир чеккасида эса қулупнай жўяклари яшнаб, ҳосилга кирган. Бозорбоп бу сархил маҳсулотлар сотувидан Зокир Ҳамроқулов хонадони аҳли ҳафтасига 1 миллион сўмга етказиб моддий манфаатдорликка эришмоқда.
Бу ўринда гап Қоракўл тумани Пойкент маҳалласида яшовчи Зокир Ҳамроқулов уй хўжалиги хусусида бормоқда. Ўн сотихдан зиёд томорқаси, икки сотихдан иборат иссиқхонасига эга ҳовлига кирган одам хонадон аҳли миришкорлиги ва томорқадан олинаётган баракали ҳосилни кўриб, экин ери аслида катта имконият манбаи эканлигига амин бўлади.
— Меҳнат қилган одам албатта ҳосилини кўради. Мен учун томорқа нафақат озиқ-овқат манбаи, балки бутун оиламизнинг даромад гарови. Ҳар куни эрталаб ҳовлига чиққанимда, экинларимизни кўриб кўнглим шод бўлади. Бир қарич ер ҳам бекор турмаслиги керак. Ким ишласа, албатта рўзғорида барака бўлади, — дейди хонадон соҳиби Зокир ака.—Бугун даромад қиламан деган одам томорқасига астойдил меҳр бериши керак. Фарзандларимиз билан меҳнат қилиб, нафақат рўзғорни бутлаяпман, балки бозорга ҳам сархил маҳсулот етказиб бериб, даромад оляпмиз. Муҳими, ҳалол пешона тери эвазига оиламизга файз-барака олиб киряпмиз.
Ҳамроқуловлар оиласининг ютуғи ҳар қарич экин еридан унумли фойдаланаётганида. Бир томонда сабзи, карам, бақлажон ва булғор қалампири барқ уриб ўсаётган бўлса, бир ёқда анжир, анор буталари, етилиб пишаётган мевадан шохлари эгилган олмазор боғ яшнаб тургани кўзни қувонтиради. Ҳовлининг бир ёғида сархил узум навларидан токзор ҳосилга кирган. Унда ҳусайни, тойфи, беҳишти, оқ-қора кишмиши узум ғарқ пишган. Очиғи, куз кунларида хонадон аҳлининг қўли-қўлига тегмай, пишиб етилган ҳосилни саранжомлаш билан бандлар.
Дарвоқе, бу ҳовли оғилхонасидаги иш ва парвариш эса алоҳида мавзу. Боиси, бунда сигир бузоқ, қўй-эчки парвариши алоҳида меҳнатни тақозо этади, албатта. Биргина уй хўжалигида фойдаланилаётган имконият, эришилаётган қут-барака бу.
Экин ери ва оғилхонадаги меҳнатдан бугун Ҳамроқуловлар оиласининг умумий йиллик даромади 100 миллион сўмга яқинни ташкил этмоқда. Бу самара томорқанинг нақадар муҳимлиги, экин ерини эъзозлаб, меҳр билан ишлаган одам ҳеч қачон кам бўлмаслиги ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









