Ромитан: янги қурилаётган умумтаълим мактаби ва спорт заллари қурилишига 21 миллиард сўмдан зиёд сармоя сарфланмоқда
2025-09-12 19:35:00 / Янгиликлар

Маълумотларга назар солсак, айни кунда Ромитан туманида мактабгача таълим ва мактаб таълими тизимида янгиланиш ва ислоҳотлар самарасини кўриш мумкин. Бугунга келиб туманда жами 44 та умумтаълим мактаби фаолият юритаётган бўлиб, улардан 43 таси давлат умумтаълим мактаби, 1 таси эса нодавлат, яъни хусусий таълим маскани ҳисобланади. Ҳозирда мазкур умумтаълим мактабларида жами 24 мингдан ошиқ ўғил-қиз таълим-тарбия олишмоқда.
“Ромитан” МФЙ да барпо қилинаётган таълим даргоҳига келсак, шу кунга қадар бу ҳудудда таълим даргоҳи ва ёш спортсеварлар учун машғулот залига эҳтиёж кучли эди. Мазкур ишларга Инвестиция дастурига биноан 20 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Лойиҳага биноан, уч қаватдан иборат, шинам ва замонавий андозадаги бинода ўқув хоналари, фаоллар ҳамда спорт заллари, ошхона, санитария тармоғи—қозонхона, шунингдек, бадиий гимнастика, футбол, баскетбол, волейбол майдончалари шай қилинади. Бунинг учун 1,2 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бинокорликда пудратчи субъект танланган.
Худди шундай, тумандаги 7-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида шу кунга қадар имконияти бўлмаган янги замонавий спорт зали қурилаётгани айниқса, ёш спортсеварларни хурсанд қилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарори билан туманнинг “Боғча” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган 7-сонли ИДУМда стандарт талабидаги замонавий спорт зали қурилиши учун қиймати 1 миллиард сўм малағ ажратилган.
Қурилиш иншоотларида кунлик суръат ва иш сифати, қурилиш материаллари таъминоти, бинокор ишчиларга яратилган меҳнат ва хавфсизлик шароитлари туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотлар назоратида. Нуқсон ва камчиликлар бартараф этилиб, иншоотларни белгиланган муддатида фойдаланишга топшириш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









