Ромитан: "Gold mebel" ва "BM-Fаrovon qurilish" МЧЖлари фаолияти жонлантирилмоқда
2025-09-06 21:15:00 / Янгиликлар

Туманда фаолият олиб бораётган “WBM ROMITEX” МЧЖ пахта тўқимачилик кластерига тегишли пахтани қайта ишлаш корхонаси, "ROMSTAR" ипакни қайта ишлаш Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси, “Ҳазортут” МФЙ даги “Shifo sut Invest” оилавий корхонаси ҳамда "Gold mebel" МЧЖ негизида ташкил этилган мебелсозлик корхонаси фаолияти бугун туман иқтисодиётига муносиб улуш қўшиш баробарида жами 300 нафарга яқин ишчи ўрни билан оилалар моддий манфаатдорлигини таъминламоқда.
Айни пайтда ҳудудда туман раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳи маҳаллий саноат корхоналарида хом ашё таъминоти, ишлаб чиқариш аҳволи, ишчи-мутахассисларга яратилган меҳнат шароитидан тортиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, инфратузилма билан боғлиқ фаолият ва муаммоларни атрофлича ўрганиб, тегишли чораларни кўрмоқда.
Фаолиятига кўп бўлмаган "Gold mebel" ва "BM-Fаrovon qurilish" масъулияти чекланган жамиятларида бугунга келиб 40 нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг ксарияти кунбай ишлаб, 2,5-3,5 миллион сўм атрофида ойлик маош олишмоқда. Хитой технологияси асосида жиҳозланган “Gold mebel" корхонасида замонавий андозадаги қаттиқ мебел, стол-стул ва бошқа маҳсулотлар ясаб берилиб, ассортимент ва буюртмалар сонини кўпайтириш чоралари изланмоқда.
"BM-Fаrovon qurilish" корхонасида эса қурилишбоп сувоқ ашёлари, қуруқ аралашмалар, лак-бўёқлар, иморат ва бинолар ички ва ташқи қисмлари, фасади учун пардозлаш суюқликлари тайёрлаб, аҳоли буюртмачиларига сотилмоқда. Айтиш жоизки, икки корхона маҳсулотларига талаб ва эҳтиёж кучаймоқда. Шу боисдан, тадбиркорлик цехлари ишини ривожлантириш, қувватларини ошириш, уларда “устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ ишни кенгайтириш имконияти ишга солинмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









