“Пахта-2025”: Қоровулбозорда ўтган семинар “оқ олтин”ни машинада териш масалаларига бағишланди
2025-09-06 19:25:00 / Янгиликлар

Туман ҳокимлари, уларнинг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, аграр комплексга дахлдор корхона-ташкилотлар, агрокластерлар ва улар билан ҳамкорликдаги фермерлар қатнашган тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Амрулло Назаров олиб борди.
Қайд қилинганидек, жорий йил эрта баҳоридан вилоятимизда жами 3246 та фермер хўжалиги ва 11 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 85 минг гектарга серҳосил пахта навларига хос чигит экиб, агротехник талаблар асосида ғўза парваришланди. Шундан, 21,5 минг гектар майдонда хорижий “Xin Lu Zao-57”, “Zhongmian-88” навлари тажриба-синов тариқасида, 63,5 минг гектарда эса маҳаллий “Бухоро-6”, “Бухоро-8”, “Бухоро-10”, “Бухоро-102” навлари экилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, ҳар бир гектардан ўртача 43 центнердан ошириб, умумий салмоғи 372,3 минг тонналик “оқ олтин” хирмонини бунёд этиш мақсад қилинган.
Семинарда Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломуродов, “Boshiran” компанияси ходими Гуо Юан, шунингдек, туманлар ҳокимларининг бу борадаги тайёргарлик ишлари, фикр-мулоҳазалари, таклифлари эшитилди.
Бу йил об-ҳавонинг пахтачилик учун қулай келганлиги, сув таъминоти, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа моддий ресурсларнинг кафолатли таъминланиши натижасида далаларда кутилган ҳосил етиштирилди. Ҳосилни нест-нобудгарчиликларсиз йиғиб-териб олишда туманларда фермер хўжаликлари ишчилари, уюшмаган аҳолидан иборат жами 134 минг нафар атрофидаги теримчини ўзида жамлаган 2310 та терим отряди шакллантирилгани ҳолда айни кунда жойларда “оқ олтин” йиғим-теримига жадал киришилган.
Жорий кузги мавсумда йиғим-теримга жалб қилинган техникаларнинг тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунда вилоятда 52 та янги замонавий пахта териш машинаси шай қилинган. “John Deere” ва “FM-World” русумли юқори унумдор агрегатлари қаторига шу йил Хитойдан харид қилинган “Boshiran” русумли 35 та янги терим машинаси қўшилди. Жорий йиғим-терим мавсумида мазкур агрегатлар кучидан унумли фойдаланган ҳолда белгиланган майдонларни машиналарда териш ишлари ташкил қилинади. Биргина Қоровулбозор кенгликларида эса мавсумолди шай қилинган 16 та пахта терим агрегатидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.
— Хўжалигимиз ихтиёрида жами 150 гектар ер майдони бўлиб, шундан 70 гектарида бу йил баракали ғалла ҳосили етиштирган бўлсак, 45 гектар ерда серҳосил пахта навларига хос барака уруғи қадаганмиз,—дейди кўп тармоқли “Замир Амон” фермер хўжалиги раҳбари Субҳиддин Амонов.—Айни кунда даламизда ҳосил чўғи баланд, ҳадемай давлат хирмонига 120 тоннага етказиб “оқ олтин” қўшишни ният қилганмиз. Албатта, пахта даламиз чўлга туташгани боис ҳосилнинг бир қисмини терим машинасида саранжомлаб олиш ҳаракатидамиз.
Кўргазмали семинарда йиғилганлар иштирокида янги замонавий русумли пахта терим машиналари далада синовдан ўтказилди ва фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








