Мустақиллик иншоотлари: Қоракўлда “Safiya” хусусий мактабгача таълим ташкилоти фаолият бошлади
2025-09-04 20:15:00 / Янгиликлар

Маҳаллий тадбиркор Рустам Мўминов ташаббуси билан қурилган 150 ўринли мазкур замонавий бинонинг бунёдкорлик ишлари учун 2 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган бўлса, лойиҳа амалиётида тижорат банки ташаббускорга кредит пакети билан мададкор бўлди. Иншоотни болажонлар ихтиёрига топшириш тадбирида туман раҳбарияти, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, боғча маъмурияти ҳозир бўлдилар.
—Юртимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва бунёдкорликлар замирида аввало, ёшлар ва келажак авлод манфаати ётибди. Чеқирчида аҳоли жажжи фарзандлари учун эҳтиёж туғдирган бу боғча ҳам ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади,—деди туман ҳокими Хуршид Тоҳиров йиғилганларни янги иншоот билан табриклаб.—Бу ерда болажонларимиз учун барча шарт-шароит яратилган ва уларнинг ҳар томонлама соғлом, билимли, мактаб остонасига тайёр бўлиб улғайиши учун мустаҳкам асос қўйилмоқда.
Дарҳақиқат, янги боғчада кичкинтой учун дарсхона ва машғулот хоналари, спорт ва ўйин майдончалари, замонавий ўқув қуроллари ва зарур инвентарлар шай қилинган. Муҳими, таълим-тарбиясига ўнга яқин тарбиячи жалб қилинган муассасага аҳолидан талаб кўп, ота-оналар эса болалар боғчаси эртасига ишонч билан қарашмоқда.
Таҳлиллардан кўринишича, айни кунда Қоракўл туманида 46 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 12 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳамда 94 та оилавий нодавлат болалар боғчаси фаолият юритмоқда. Натижада туманда боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълимга қамров даражаси 81,7 фоизга етказилган. Бу борадаги саъй-ҳаракат изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









