Истиқлол иншоотлари: “Қулончи”даги умумтаълим мактаби янги ўқув биноси 240 ўқувчини ўз бағрига олди
2025-09-04 15:55:00 / Янгиликлар

Маросимда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида, умумтаълим мактаблари учун янги замонавий бинолар қурилишига катта эътибор қаратилаётгани туфайли соҳадаги кўп йиллик муаммолар ҳал этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўтган ойларда маҳаллий пудратчи “Русаймер” МЧЖ томонидан бунёд қилинган янги қўшимча ўқув биноси 240 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, лойиҳага биноан замонавий бино қурилиши учун 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланди.
Айни кунда чекка ҳудуддаги таълим даргоҳида 341 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, шу кунга қадар ўқув синфлари етишмаслиги сабабли ўғил-қизларимизга мослаштирилган шароитда, амаллаб дарс ўтиб келингани ҳам бор гап. Ниҳоят, ёз ойларидаги саъй-ҳаракат, 240 ўринли қўшимча бино бунёд қилиниб, ишга туширилгани туфайли мактаб фаолияти тартибга солинди. Бундан ташқари, талаб даражасида жиҳозланган масканда ўқитувчилар томонидан ўқувчилар билан қўшимча ишлашлари учун имконият туғилди.
Тантанали очилиш маросими якунида тадбир иштирокчилари бинода қишлоқ ўқувчиларининг рисоладагидек таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Шу ерда туман ҳокими 1-синфга қабул қилинган 46 нафар ўқувчи ўғил-қизга 13 хилдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси”ни топширди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









