Когон: сорғунлик чеварлар ҳам бугун ўз цехига эга бўлмоқда
2025-09-04 12:10:00 / Янгиликлар

Очиғи, 4-5 йил бурун Сорғун ижтимоий оғир ҳудудлар қаторида қайд қилинган, одамлар ташвиш-муаммолари йиғилиб қолган маҳаллалардан бири эди. Сўнгги йилларда «Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла» дастури доирасида бу манзилда ҳам ўзгариш ва янгиланишлар жараёни бошланганидан сўнг аҳвол мутлақо ўзгарди.
Таъмирталаб, ёзда чанги осмону фалакка ўрлайдиган тупроқ кўчалар асфальтлаштирилди. Йўлнинг қарийб 3 километр қисми бетонлаштирилди. Пиёдалар йўлакчалари барпо этилди. Маҳалла гузари реконструкция қилинди. Ёшлар учун Wоркоут майдончаси қурилди. Маҳалланинг янги биноси қуриб берилди. Сартарошхона, аёллар гўзаллик салони, тикувчилик цехи, савдо шохобчалари ишга туширилди. Маҳалла тарихида илк бор оилавий шифокорлик пункти иш бошлади.
Мактаб ва мактабгача ташкилотини айтмайсизми?! Эндиликда 240 ўринли билим даргоҳи биноси ва спорт зали қурилишига 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланганининг ўзиёқ кўп нарсани англатади. Бундан ташқари, ҳудудда электр энергияси, ичимлик сув таъминоти, ариқларни тозалаш, қабристонлар ва йўл ёқаларини ободонлаштириш борасида қилинган ишлар ҳам эътиборга лойиқ.
Ҳукуматимиз томонидан аёллар тадбиркорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалардан илҳомланиб, айнан сорғунлик хотин-қизлар ҳам янгидан-янги ташаббусларга қўл уришмоқда.
Хусусан, маҳалланинг Ойнасоз қишлоғида яшовчи Азиза Файзиева ҳам хонадонида чеварчилик билан шуғулланарди. Моҳир чевар фаолиятини кенгайтириши ҳамда мижозлари учун қулайлик яратиш мақсадида маҳалла марказидан бепул жой ажратиб берилди.
Айни дамда Азиза Файзиева шогирдлари билан биргаликда мижозлар хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб кийим-кечаклар тикиб, яхшигина даромад кўрмоқда. Ойига 5 миллион сўмга яқин даромад кўраётган чевар ва унинг шогирдлари имкониятларини ошириб, буюртмаларини кўпайтириш ҳаракатида. Бунда уларга маҳалла маъмурияти яқин кўмакчи.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








