Пешку: Ободонлаштириш бошқармаси ходимларига дастурхон ёзилди
2025-09-03 10:30:00 / Янгиликлар

Мустақиллик байрами муносабати билан ташкиллаштирилган тадбирда бошқарма тизими ишчилари, фахрийлар, ташкилотчилар ҳозир бўлдилар. Туман ҳокими Ҳаёт Давлатов тармоқ ходимларини байрам билан самимий муборакбод қилиб, ҳудуд озодалиги, атроф-муҳит саранжом-саришталигини таъминлаш йўлида эртаю кеч меҳнат қилаётган Ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчилари меҳнатини алоҳида эътироф этди.
—Кейинги йилларда хизматимиз кўлами кенгаймоқда, жумладан, ҳудуд ва кўчаларга хизмат кўрсатиш, кўчалар чироқлари бўйича электр хизмати, қабристонларни ободонлаштириш қаторига қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва бартараф этиш, йўл таъмирлаш каби хизматлар ҳам қўшилди,—дейди туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нажмиддин Кенжаев.
—Шу бўлимларимизда бугунга келиб 330 нафар ишчи-мутахассис фаолият юритмоқда. Шулардан 141 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Улар ойлик маоши эса 2-2,5 миллион сўм атрофида. Корхонамиз моддий-техник имкониятларимизни кенгайтириш мақсадида тасарруфимиздаги махсус транспорт воситалари сонини 22 тага етказган ҳолда аҳолига намунали хизмат кўрсатиб келмоқдамиз.
Байрам шодиёнасида тўкин дастурхон атрофида йиғилган ободонлаштириш хизмати ишчи-ходимлари учун даврага ош тортилиб, дилдан суҳбат авж олди. Туман маданият бўлими хушовоз хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар эса даврага файз, барчага байрамона кайфият улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






