Қоракўл: “Мергантекс” ҳомийлигида 8 нафар боланинг суннат тўйи нишонланди
2025-09-02 21:50:00 / Янгиликлар

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Инсон қадри учун” тамойили асосида давлат органлари раҳбар-ходимлари, саховатпеша тадбиркорлар томонидан маҳаллабай ва хонадонбай олиб борилаётган ўрганишлар натижасида аҳолининг иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.
Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 34 йиллиги муносабати билан Қоракўл туманида ҳам кўп тармоқли "Мергантекс" пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Иброҳим Ҳамроев ташаббуси билан хайрли ишга қўл урилди. Туман марказидаги “Versal” тўйхонасида ташкил қилинган тантанада ҳудуддаги маҳаллалардан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 8 нафар фарзандининг суннат тўйи ўтказилди.
Туман раҳбарияти, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, тўйболалар ва улар ота-оналари, яқин қариндошлари ҳозир бўлган маросимда туман ҳокими Хуршид Тоҳиров барчани юртимиз истиқлол байрами билан самимий муборакбод этиб, суннат тўйи нишонланаётган авлод вакиллари эртасига катта ишонч билдирди. Тадбирда кўпни кўрган нуронийлар мамлакатимиз тинчлик-осойишталиги, оилалар фаровонлиги, фарзандлар камолини тилаб дуога қўл очдилар.
Шу куни ташкилотчилар, туман раҳбарияти, ҳомийлар томонидан болажонларга сарупо, велосипед ва эсдалик совғалари, ўйинчоқлар топширилди. Туман маданият уйи хушовоз хонандалари эса дилтортар куй-қўшиқлари билан даврага файз бағишлаб, болалар ва уларнинг яқинларига байрамона кайфият улашдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









