Пешку: Жонгелдида мактабга қадам қўяётган жажжи ўқувчиларга “Президент совғаси” етказилди
2025-08-31 19:55:00 / Янгиликлар

Вилоят марказидан 250 километр узоқликдаги “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам Ўзбекистон республикаси мустақиллиги куни катта тантана қилинмоқда. Шу муносабат билан ташкил қилинган тадбирда Пешку тумани ҳокими Ҳаёт Давлатов бошчилигидаги масъуллар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Маҳалла бир-биридан 100 километр узоқликда жойлашган “Сафрон”, “Қалъа Ота” ва “Жонгелди” қишлоқ овулларидан иборат бўлиб, битта мактаб ва 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 10 ўринга мўлжалланган замонавий қишлоқ участка касалхонаси фаолият юритмоқда. Айни кунда маҳаллада 753 нафар қардош қозоқ миллатига мансуб юртдошимиз истиқомат қилувчи овул аҳлининг асосий тирикчилик манбаи чорвачилик, йилқичилик ва тадбиркорлик ҳисобланади.
Хусусан, чўлқуварлар овулида зарур инфратузилма––электр энергияси, йўл, иссиқлик тизими, истеъмолга яроқли тоза ичимлик сув таъминоти, сувоқава тармоғини қуриш ва талаб даражасида таъминлаш ишлари бажарилган. Мавжуд ижтимоий соҳа объектлари таъмирланган. Замонавий болалар мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилган. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари барпо этилиб, аҳолига зарур шарт-шароит яратиб берилган. Айтиш жоизки, олис овулда бўлаётган бу каби ўзгаришлар юртдошларимизни эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, оилалар моддий манфаатдорлиги ва турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Жонгелди овулидаги 24-сонли умумтаълим мактабининг 1-синфига бу йил 6 нафар бола ўқишга бормоқда. Туман ҳокими жажжи баркамол авлод вакилларига ўқув қуролларидан ташкил топган “Президент совғаси”ни топширди. Бундан мамнун бўлган Гулнур Ойимбетова, Турғонгул Нурлубекова, Хайрибек Жантўриев сингари ота-оналар давлатимиз ва ҳукуматимизга ўз миннатдорликларини изҳор қилдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









