Истиқлол шукуҳи: Пешку туманида 20 нафар болажоннинг суннат тўйи ўтказилди
2025-08-31 14:25:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан, Пешку туманида ҳам юртимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан қатор хайрли тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири сифатида ҳудудда умргузаронлик қилаётган эҳтиёжманд, ижтимоий муҳофазага олинган оилалар фарзандларининг суннат тўйи маросими ташкил қилинди.
“Ибн Сино” МФЙ Афшона қишлоғидаги “Ҳайдаробод” тўйхонасида бўлиб ўтган бу хайрли тадбирда турли маҳаллалардан сараланган, оилалари моддий жиҳатдан қийин аҳволда бўлган 20 нафар болажоннинг суннат тўйи бўлиб ўтди. Туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси туман бўлими томонидан ташкиллаштирилган тўй маросимида болалар учун миллий либослар, эсдалик совғалари тайёрланиб, улар шарафига байрам дастурхони ёзилди.
Суннат тўйи муносабати билан сўзга чиққан туман ҳокими Ҳаёт Давлатов ва нуронийлар вакиллари юрт озодлиги, истиқлол туфайли юртимизда тинчлик, барқарорлик ва халқ манфаатини кўзлаган эзгу саъй-ҳаракат изчил давом эттирилаётганини эътироф этдилар. Кўпни кўрган отахону онахонлар болажонларга ўзларининг эзгу тилакларини изҳор қилишиб, дуога қўл очдилар.
—Шундай кунда бизни унутиб қўймасдан, фарзандларимизни хурсанд қилиб, мушкулимизни енгиллатган туман ҳокимлиги, барча ташкилотчилар, ҳомий тадбиркорларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз,—дейди “Навоий” МФЙ Қудрашех қишлоғида яшовчи, тўйболалардан бирининг онаси Мужгона Нурова.—Ўғлим Акбаралининг суннат тўйини кўпдан ният қилиб юрардик, аммо қўлимиз калталик қилиб қолганида маҳалла ва туман ҳокимлиги бизнинг ташвишимизни аритди. Бундан жуда хурсандмиз.
Албатта, бу каби инсонпарварлик ташаббуслари халқимиз ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, фарзандларимизни Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, тўй тадбирида хушовоз хонандалар чиқишлари, болалар учун ўйин-кулги, шўх томошалар, концерт дастури ташкиллаштирилгани барчага байрамона кайфият, даврага файз улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




