Қоракўл: тадбиркорнинг эзгу амали туфайли Маллаишайхдаги 20-сонли мактаб янгича қиёфага кирди
2025-08-30 19:40:00 / Янгиликлар

Ана шундай билим масканида таҳсил олган собиқ ўқувчилардан бири — Насриддин Сувонов ўзи туғилиб ўсган қишлоғига меҳр ва садоқатини амалда намоён этди. У 1982–1993 йилларда таҳсил олган ушбу мактабнинг ўтган аср олмишинчи йилларида қурилган ва бугун таъмирталаб аҳволга келган эски биносини қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига 210 ўқувчи ўрнига эга масканга айлантириб, қайта мукаммал таъмирлаб берди.
—Ўзим таҳсил олган мактабнинг янгидан қурилгандек, чирой очганини кўриб кўнглим ёришди. Бу ерда менинг болалик хотираларим, устозларимнинг мангу излари бор. Шу сабабли бу даргоҳни обод қилиб, эртамиз эгалари, фарзандларимиз учун таъмирлаб беришни ўз бурчим деб билдим,—дейди тадбиркор Насриддин Сувонов.
Янги ўқув йили олдидан қад ростлаган замонавий мактаб биносининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Хуршид Тоҳиров бошчилигидаги масъуллар, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари ва ота-оналар қатнашдилар.
Сўзга чиққанлар чекка маҳаллада амалга оширилган эзгу иш, унга ҳомийлик қилган тадбиркорга миннатдорлик билдиришиб, маллаишайхликларни самимий табрикладилар. Албатта, бунда Ватанига меҳр қўйган, халқига содиқ тадбиркору ҳар соҳада билимдон мутахассислар етишиб чиқишига ишонч билдирилди. Тадбирда кўпни кўрган нуронийлар юртимиз тинчлиги-осойишталиги, оилалар турмуши фаровон бўлишини тилаб дуога қўл очдилар.
Янгиланган таълим маскани рамзий лентаси қирқилгач, йиғилганлар унда янги авлод учун яратилган шарт-шароит, китоб фонди, синф хоналари билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, мазкур таълим масканида қарийб 50 йил давомида биология фанидан сабоқ бериб келган фахрий устоз Сотиболди Сойибов ҳам шогирдининг ишидан ғурурланиб, шундай деди: – Бугун менинг собиқ шогирдим ўз мактабини янгилаб берди. Бундай эзгу амаллар — ёшлар учун ибрат, устозлар учун эса энг катта мукофотдир.
Мактабнинг ички шароитлари ҳам замонавий талабларга мослаштирилди. Синф хоналари кенг ва ёруғ бўлиб, ҳар бир хонага зарур жиҳозлар ўрнатилди. Махсус Хитойдан олиб келинган ўқув парталари ўқувчиларнинг ёшига мос равишда созланади. Шунингдек, мактаб кутубхонаси янги китоблар ва электрон ресурслар билан бойитилди.
– Мактабимизда 890 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўтган ўқув йилида битирган ўқувчиларимизнинг аксарияти ўзлари танлаган йўналишларда олий таълимга ўқишга киргани бизнинг катта ютуғимиздир. Энди эса мактабимизда ўғил-қизларимизни янада қулай шароитларда ўқитиб, билим бериш имкониятига эгамиз,— дейди мактаб директори Акрам Ҳафизов.
Шу куни тадбир муносабати билан туман ҳокими мактабнинг 1-синфига қабул қилинган 96 нафар ўқувчисига портфель, дафтар ва бошқа 13 хилдаги зарур ўқув қуролларидан таркиб топган “Президент совғалари”ни топширди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









