Қоракўл: "Янги Ўзбекистон" массивида яна янги хонадонлар ўз эгаларига топширилди
2025-08-30 14:20:00 / Янгиликлар

Бугун юртдошларимиз билан гавжумлашиб бораётган массивда бахтли оилалар сафи яна 60 тага кўпаймоқда. Маҳаллий пудратчи субъектлар «Бунёд Шаҳзод файз» ҳамда «Равон таъмир инвест» масъулияти чекланган жамиятларининг моҳир бинокор усталари томонидан умумий қиймати 16 миллиард сўм маблағ эвазига бу ерда барпо қилинган этилган 2 та замонавий турар жой мажмуаси ўз эгаларига топширилди.
Уйларни ўз эгаларига тантанали топшириш тадбирида туман ҳокими Хуршид Тоҳиров бошчилигидаги мутасаддилар, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, замонавий, шинам бошпанасига эга бўлган оилалар вакиллари ҳозир бўлдилар.
Эътиборлиси, мазкур турар жой иншоотларини қуришда энергосамарадорликни таъминлаш, замонавий инновацион технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, узоқ йилга имтиёзли кредит сармояси асосида талабгор эгаларига расмийлаштириб топширилган янги кўп қаватли уйлар том қисмига қуёш панеллари ўрнатилиб, ташқи томони иссиқлик изоляцияси билан қопланган.
—Серфарзанд оиламиз, бир неча хўжалик бир ҳовлида сиқилишиб яшаб, бугун йиллар давомида орзу қилган хонадонимизга эга бўлдик,—дейди янги уй эгаларидан бири Сирож Яхшиев.—Муҳими, бу уйлар нафақат қулай ва чиройли, балки иссиқ, ёруғ ва иқтисодий жиҳатдан ҳам тежамкор. Ойлик ҳисобланадиган тўловларини бемалол ишлаб тўлашимизга имкон бор. Бундай қулайликни бизга яратиб берган ташкилотчилар, қурувчиларга минг раҳмат!
Янги уй, янги ҳаёт, янгича яшаш, янги орзу-ниятлар демак. Зеро, ҳар бир оиланинг фаровон турмуши «Инсон қадри учун» деган ғоянинг амалдаги ифодаси сифатида бугунги интилишлар, қатъий мақсад йўлидаги жонбозлик ва ҳаракат туфайлидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









