Мустақиллик иншоотлари: Когон туманида 16-сонли мактаб ўқув биноси фойдаланишга топширилди
2025-08-28 18:20:00 / Янгиликлар

Темирйўлчилар туманининг “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритиб келаётган 16-сонли умумтаълим мактаби шу кунга қадар 380 ўринли бўлиб, икки асосий ва қўшимча ўқув блокларидан иборат эди. Таълим масканининг ўқув иншооти кўп йилдирки, таъмирталаб аҳволга келган, капитал таъмирга муҳтожлиги сабабли ўқувчилар ҳамда ўқитувчилар учун бир қанча ноқулайликлар туғдираётганди. Мактаб жамоаси, қолаверса, ота-оналарнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, инвестиция дастури доирасида бу ерда қўшимча икки қаватли, 240 ўқувчи ўрнидан иборат кўркам бино бунёд этилгани кўпларни қувонтирди.
Пудратчи корхона “Kogon piramida” МЧЖ моҳир қурувчилари томонидан амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишларига 2 миллиард 880 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Эътиборлиси, мактабнинг янги биноси инклюзив таълим талабларига мос равишда жиҳозланаётганидир. Бунда имконияти чекланган ўқувчилар учун нишаб йўлаклар қурилиб, махсус ҳожатхона ва қулай кириб-чиқиш йўлаклари ҳам шай қилинган.
Бугун, қўшимча ўқув биносини фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил қилинган тадбирда туман ҳокими Отабек Қазоқов, тегишли масъуллар, нуронийлар, мактаб жамоаси, фахрийлар ва ота-оналар ҳозир бўлдилар. Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш, ёш авлодни муносиб шароитларда ўқитиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш имкониятларини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, янги ўқув биноси билан мактаб жамоаси, ўқувчилар ва ота-оналарни муборакбод этдилар. Маросимда ўқув биноси қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг меҳмонлар анъанага кўра алвон ленталарни қирқиб, янги қуриб битказилган ўқув биносида синф хоналари, ўқувчиларга яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









