Қоракўл: Коллектор бўйида ўрдак, ғоз ва курка боқиши йўлга қўйилгани бугун бир оила иқтисодий аҳволини яхшиламоқда
2025-08-27 12:20:00 / Янгиликлар

Қоракўл тумани “Тожикент” маҳалласида яшовчи Сабоҳат Сафарова ҳам мазкур имкониятдан унумли фойдаланиб, коллектор бўйида ўрдак, ғоз ва курка боқишни йўлга қўйгани бугун бир оила иқтисодий аҳволини яхшиламоқда. Асосан, парҳезбоп гўшт ва тухум етиштириш мақсадида парвариш қилинаётган паррандалардан кунига 150 донагача тухум олинмоқда. Мазкур уй хўжалигида ташкил қилинган бу тадбиркорлик ортидан биргина тухумдан тушаётган даромаднинг ўзи кунига қарийб 200 минг сўмни, ойига 5 миллион сўмдан ортиқни ташкил этаётгани қувонарли, албатта.
— Ўрдаклар 4–5 килограмгача, куркалар эса яхши парвариш қилинса, 12 килограмгача гўшт беришини тажрибадан билиб ўзлаштирдик. Муҳими, бошида қийналган бўлсак, бугунга келиб паррандалар озуқаси, омухта емини тахт қилиб, фойдага ўтдик, парранда маҳсулотларимизга талаб, харидор кўпаймоқда,—дейди миришкор хонадон бекаси Сабоҳат Сафарова.—Яқин атрофдаги умумий овқатланиш шахобчлари, ошхона ва кафелардан келиб, ўзлари олиб кетишмоқда. Коллектор бўйларида паррандачиликни йўлга қўйиш учун катта маблағ талаб қилинмади, аммо ўрдак, ғоз, курка парваришининг ветеринариясидан бохабар бўлиш, эмлашларини вақтида бериш, касаллик юқтирмаслик ҳам жуда зарур. Сув бўйида жонворлар табиий озуқа билан ҳам озиқланамоқда, бу эса сарф-харажатни камайтириб, даромадимизни оширмоқда.
Эътиборлиси, шу бир оила ташаббуси билан бугун Тожикентда Сафарова уй хўжалиги тажрибасини ўзида синаб кўраётганлар сафи кенгаймоқда. Бундан кўринадики, чекка қишлоқда одамлар ишсизлигига барҳам берилиб, ўзига хос тармоқ, даромад манбаи яратилди. Паррандачилик орқали бозор ва шу атрофдаги савдо расталарини арзон маҳсулот билан таъминланаётгани қувонарли.
Хуллас, коллектор бўйида балиқ ва паррандачилик ривожлантирилаётгани кам харажат, аммо мўл даромад манбаи бўлиб, оилаларнинг турмуш даражасини яхшилаш, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








