Дефолиация тадбирларида дронлардан фойдаланилади
2025-08-25 14:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, туман ҳокимлари, мутахассислар, пахта-тўқимачилик кластерлари мутасаддилари ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Семинарда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳам қатнашиб, ҳудудлар масъуллари ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддиларининг йиғим-теримга тайёргарлик кўриш ҳамда майдонларни теримга тайёрлаш учун дефолиация тадбирларини амалга ошириш юзасидан ахборотларини тинглади. Соҳанинг малакали мутахассислари берган маслаҳатларни инобатга олиб, дефолиация тадбирларини енгил шаклда амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, семинарда дефолиация тадбирлари учун талаб этиладиган дефолиантлар захирасининг яратилиши ва уларни қўллашдаги меъёрий талаблар тўғрисидаги маълумотлар ҳам йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.
Қайд этиш лозимки, жорий йилда 3246 та фермер хўжалиги ва 11 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 85 минг гектарга, шундан 21,5 минг гектарига хорижий (Xin Lu Zao-57, Zhongmian-88), 63,5 минг гектарига маҳаллий (“Бухоро-6”, “Бухоро-8”, “Бухоро-10”, “Бухоро-102”) навлар экилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга асосан ўртача 43,8 центнердан жами 372,3 минг тонна ҳосил етиштириш мақсад қилинган.
Бу йил об-ҳавонинг пахтачилик учун қулай келганлиги, пахта ҳосили етиштиришда Ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида молиялаштирилиши, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа моддий ресурсларнинг кафолатли таъминланиши натижасида далаларда кутилган ҳосил етиштирилди.
Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан пахта йиғим-теримида тоннасига 1 миллион сўмдан қўшимча субсидия берилиши тўғрисидаги таклиф фермер хўжаликларимизнинг иқтисодий манфаатдорлигини янада ошириб, теримни қисқа муддатда ўтказилишига шароит яратиб берди. Агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ва ғўза ривожини жадаллаштириш учун 2320 та культиватор, 657 та чуқур юмшатгич, 309 та ОВХ ва штангали пуркагичлар мавсумда иштирок этди.
Айни кунда вилоят далаларида 25 августдан 10 сентябргача дефолиация агротехник тадбирини юқори даражада ташкиллаштириш мақсадида талаб қилинган дефолиантлар заҳираси яратилган. Ҳозирда туманларда ғўза дефолиациясини тизимли ўтказиш учун ишчи отрядлари шакллантирилиб, уларга агроном-назоратчилар бириктирилмоқда. Бу жараённи вилоятда жорий йил 10 апрелгача экиб ундирилган 47 минг гектар ғўза парваришланаётган майдонда сифатли ва тез суръатда ўтказиш мақсадида қишлоқ хўжалиги тегишли корхоналари томонидан ОВХ пуркагичлари билан бирга 32 та дрондан фойдаланиш кўзда тутилган.
Семинарда пахта майдонларида дефолиация тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги, ҳозирда техника воситаларининг қарийб барчасига сифатли техник ва сервис хизмат кўрсатилиб, мавсумга шай ҳолга келтирилгани таъкидланди.
Вилоят ўқув-амалий семинарида масъуллар томонидан агрокластерлар, фермер хўжаликларига ғўза парваришига доир зарур тавсия ва топшириқлар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









