Когон: "Ниёзҳожи" маҳалла фуқаролар йиғини замонавий биноси фойдаланишга топширилди
2025-08-23 11:40:00 / Янгиликлар

Ана шундай эзгу ишлардан бири юртимиз истиқлолининг 34 йиллиги арафасида туманнинг Ниёзҳожи маҳалласида амалга оширилди. Хусусан, маҳалла маъмурияти кўп йиллардан буён эски, аллақачон хизматини ўтаб бўлган бинода халққа хизмат қилаётганди. Аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш, қолаверса "маҳалла еттилиги" иш унумдорлигини ошириш мақсадида "Маҳалла биноларини қуриш ва капитал таъмирлаш дирекцияси" моҳир қурувчилари томонидан умумий қиймати 2 миллиард 146 миллион сўмга яқин маблағ эвазига барча қулайликларга эга замонавий Ниёзҳожи маҳалла биноси бунёд этилиб, талаб даражасида жиҳозланди.
Ушбу маъмурий иншоот қарийб 2 сотих ер майдонида қад ростлаган бўлиб, икки қаватдан иборат. Бино биринчи қаватида “маҳалла еттилиги” масъул ходимлари, иккинчи қаватида Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Когон туман бўлими ҳамда Маҳалла сервис компанияси ходимлари фаолият олиб боришади.
Шу муносабат билан куни кеча ушбу муҳташам бинони тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, тегишли ташкилот ва идора мутасаддилари, нуроний отахон-онахонлар ва маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Дастлаб анъанага кўра Қуръон тиловат қилиниб, нуронийлар юртимиз тинчлиги, халқимиз турмуши фаровонлиги, хонадонлар қут-баракасини сўраб дуога қўл очдилар.
Тадбирда туман ҳокими Отабек Қазоқов сўзга чиқиб, сўнги йилларда туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва янгиланишлар, аҳоли турмуш сифатини оширишда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталиб, барчани янги иншоот фойдаланишга топширилгани билан самимий табриклади.
Шундан сўнг иншоотнинг рамзий қизил лентаси қирқилиб, тадбирда йиғилганлар бинода маҳалла ходимлари, бошқа маъмурлар ҳамда аҳоли учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









