Когон ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида кўчат захиралари яратилмоқда
2025-08-22 12:10:00 / Янгиликлар

Вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни кунда бошқарма тизимида 9 та ўрмон хўжалиги, 2 тадан ов ҳамда фойдали гиёҳ етиштириладиган дориворчилик хўжалиги, шунингдек, илмий–тажриба хўжалиги ҳамда вилоят ҳудудий биолабараторияси фаолият юритмоқда. Бугунга келиб тизимдаги корхона ва бошқа субъектлар томонидан умумий тасарруфга олинган ер майдони 576 минг гектар бўлиб, шундан 445 минг гектар майдон ўрмон ва тўқайзордан ташкил топган.
Ҳукумат меъёрий ҳужжатлари асосида Бухоро вилоят ҳокимининг “Яшил қопламалар” барпо қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра 2022–2026 йилларда умумий майдони 200 минг гектарда “яшил қоплама” яратиш–ихоталаш чораларини кўриш, экиш ишларини амалга ошириш ҳаракатига киришилган.
Шу жумладан, Когон ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги томонидан экологик мувозанатни сақлаш, чўлланишга қарши курашиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш мақсадида манзарали ва мевали дарахт уруғлари йиғилиб, уларнинг захираси шакллантирилмоқда.
Хусусан, тут, қайрағоч, ўрик, ипак акацияси, япон сафораси, шарқ туяси каби дарахт турларининг уруғлари жамғарилган бўлиб, бугунги кунда тут ва қайрағоч уруғлари экилиб, кўчатхоналар ташкил қилинмоқда. Худди шундай, ўтган мавсумда экилган ва парваришланган манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатларига зарур агротехник тадбирлар амалга оширилиб, улар тайёр ниҳол ҳолатига келтирилмоқда.
Ҳозирда хўжаликка қарашли 4 гектар майдонда ташкил этилган ниҳолзорларда 8 турдаги, жами 250 минг тупга яқин ниҳоллар парваришланмоқда. Бу кўчатлар келгусида минтақада яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, хўжалик томонидан туман ҳудудида ўсувчи доривор ўсимликларни йиғиш, уларни махсус технологиялар асосида қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Бу эса нафақат экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали йўналишлардан биридир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








